Расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегация 23 май куни Самарқандда бўлди.

Меҳмонларни Самарқанд халқаро аэропортида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси масъуллари, вилоят ҳокимлиги вакиллари кутиб олди.

Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси дастлаб Ҳазрати Хизр мажмуасига бориб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон оятлари ўқилиб, дуолар қилинди.

Навбатдаги манзил – Имом Бухорий мажмуаси. Делегация аъзолари буюк муҳаддис Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш билан бирга бу ерда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Ислом оламида муҳаддислар султони деб эъзозланадиган аллома мангу ором топган масканни унинг шуҳратига монанд зиёратгоҳга айлантириш борасидаги ишлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Нуман Куртулмуш мажмуа дунё мусулмонлари зиёрат қилишни истайдиган энг қутлуғ масканлардан бирига айланишига ишонишини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти, улуғ алломалар илмий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасидаги ишлар ҳам Туркия парламенти вакилларига манзур бўлди. Кейинги йилларда марказ ходимлари томонидан қадимий қўлёзмалар асосида тайёрланган, бошқа тиллардан таржима қилинган китоблар муқаддас Ислом дини асл моҳиятини очиб бериши,  ҳадис ва бошқа диний асарларни асл манбалари асосида ўрганиш имкониятини бериши таъкидланди.

– Туркия ва Ўзбекистон орасида бир неча минг километр масофа бўлса-да, бизнинг тарихимиз, маданиятимиз, қалбимиз муштарак, – деди Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш. – Биз Ўзбекистонни ота юртимиз деб биламиз ва бу заминга келишдан фахр-ифтихор туямиз. Давлатларимиз раҳбарларининг яқин дўстлиги, оқилона сиёсати туфайли кейинги йилларда бу яқинлик яна ҳам мустаҳкамланди. Ҳозир савдо-иқтисодий соҳа дейсизми ёки маданий-гуманитар, туризм, илм-фан бўйича алоқаларимиз кенгайиб бормоқда. Кеча Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Ўзбекистон парламенти раҳбарлари билан учрашувларимизда Туркия Буюк Миллат Мажлиси ҳам ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишини билдирдик. Бугун Самарқанддаги муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларни зиёрат қилиб, Ўзбекистоннинг қадимий ва бой маданиятга, аждодлардан қолган улкан маънавий меросга эга эканлигига амин бўлдик. Президент Шавкат Мирзиёев бежиз Учинчи ренессанс ғоясини ўртага ташламади. Бугун Ўзбекистонда илм-фан, маданиятни юксалтириш борасидаги ислоҳотлар бунга кенг йўл очмоқда.

Меҳмонлар Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси, Хўжа Аҳрор Валий зиёратгоҳи ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликларда бўлиб, аждодларимиз ноёб ақл-заковати, бунёдкорлик салоҳияти ифодаси бўлган объектларни ҳайрат ва ҳавас билан томоша қилдилар.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари