Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан таълим сифати юқори бўлмаган умумтаълим мактабларига методик ёрдам кўрсатишда Қорақалпоғистон тажрибасини амалиётга тақдим этиш бўйича республика ўқув-амалий семинари доирасида методик-тур ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари У.Шарифходжаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси ўринбосари Б.Отемуратов, вазирликнинг Методика ва дарсликлар бошқармаси, Республика таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари, барча вилоятлар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг ўқувчиларда замонавий кўникмаларни шакллантириш шуъбалари бош методистлари, ҳудудий методик хизмат кўрсатиш бўлими бошлиқлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Aмударё туманидаги 76-мактабда республика ўқув-амалий семинарининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мактабнинг 216 ўринга мўлжалланган биноси 2013 йилда, 360 ўринга мўлжалланган қўшимча биноси 2022 йилда фойдаланишга топширилган. Ҳозирги кунда мактабда 23 синфда 639 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган бўлиб, ўқиш 2 навбатда ташкил этилган.

Мактаб 2020 йил “Таълим сифати юқори бўлмаган мактаблар” рўйхатига кирган бўлиб, 2021 йил 4 декабрда методик-тур ўтказилди. Шу пайтда мактабда биронта олий ва 1-тоифали ўқитувчи бўлмаган, 17 нафар 2-тоифали ўқитувчи ва 42 нафар мутахассис фаолият олиб борган. Ҳозирги кунда мактабда жами 55 нафар педагог бўлиб, шундан 5 нафари олий тоифали, 21 нафари 1-тоифали, 21 нафари 2-тоифали, 8 нафар мутахассис фаолият олиб боради. 2020-2021 ўқув йилида мактабнинг 30 нафар битирувчисидан 6 нафари, 2021-2022 ўқув йилида 34 нафаридан 7 нафари, 2022-2023 ўқув йилида 34 нафар ўқувчидан 20 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилинган.

Ўқитувчилар инглиз тили фанидан халқаро даражадаги 2 та C1, 2 та Б2 даражадаги, рус тили фанидан халқаро даражадаги 3 та C1, она тили ва тарих фанидан 1 тадан миллий, информатика фанидан 2 та халқаро даражадаги, математика фанидан 1 та сертификатга эга. Мактаб “Опен бюджет”нинг жорий йил биринчи мавсум лойиҳасида 860 миллион сўмлик жиҳозлар ютиб олди.

Семинар иштирокчилари мактабда яратилган шароитлар, замонавий методларга таянган ҳолда ўтилаётган дарс жараёнлари билан яқиндан танишди.

Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган очиқ мулоқот ҳам бўлиб ўтди. Унда таълим сифатини юқори бўлмаган умумтаълим мактабларига манзилли методик ёрдам кўрсатиш борасида Қорақалпоғистон тажрибасининг мазмун-моҳияти, уни мамлакатимиз бўйлаб жорий этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, Нукус шаҳридаги 8-сон умумтаълим мактабида замонавий методик хизмат кўрсатишнинг самарадорлиги мавзусида кўргазма, “Маънавиятли инсон – маданиятли инсон” мавзусида методик тадбир ташкил қилинди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари