Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов бугун Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Тожикистон ва Марказий Осиё: яхши қўшничилик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, азалий дўстлик ва умумий тараққиёт сиёсати” мавзусидаги конференция давомида шундай деди.

Умуман, конференция давомида халқаро муносабатлар тубдан ўзгараётган бир шароитда зарур бўлган минтақавий ҳамкорлик истиқболи ҳамда Марказий Осиёда барқарор ривожланишни биргаликда таъминлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.

СМТИ вакили яхши қўшничилик сиёсатини ва конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлаш, савдо-иқтисодий алоқани ҳар томонлама кенгайтириш орқали Марказий Осиё дўстлик, ишонч ва ўзаро манфаатли шериклик майдонига, ўзаро боғлиқ кенг бозор, барқарор иқтисодий ўсиш ҳудудига айланиб бораётганини таъкидлади.

А.Неъматов, шунингдек, бугунги кунда борган сари жипслашаётган, ички ва ташқи таҳдидларга чидамли Марказий Осиё халқаро субъект сифатида ҳам мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Бу очиқ-ойдин ҳақиқат.

Шу нуқтаи назардан эксперт минтақанинг жаҳон эътирофига сазовор бўлгани ва хорижий ҳамкорларда тобора кўпроқ қизиқиш уёғотаётганидан далолат берувчи қатор яққол фактларни келтирди. Таъкидланганидек, сўнгги олти йилда Марказий Осиёнинг умумий ташқи савдо айланмаси икки баробар ортиб, 200 миллиард доллардан ошди, минтақага тўғридан-тўғри хорижий инвестиция оқими 45 фоиз ўсиб, 2022 йилда 40 миллиард долларни ташкил этди. Худди шу даврда “МО+” форматида мавжуд 4 та минтақадан ташқаридаги ҳамкорлар сафига яна 6 та янги мулоқот платформаси қўшимча равишда шакллантирилди. Шу билан бирга минтақанинг Хитой, Россия Федерацияси, Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи билан мулоқоти давлат раҳбарлари даражасига кўтарилди. Бу эса Марказий Осиё давлатларининг юқори даражадаги бирлашуви эътироф этилганидан далолат.

СМТИ вакили Марказий Осиё давлатларининг мувофиқлашган ҳамкорлиги натижасида 2016 йилдан буён БМТ Бош Ассамблеяси минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатини бирлаштиришга қаратилган 18 та резолюцияни қўллаб-қувватлаганини таъкидлади. Марказий Осиёнинг жипслашуви ўтган 25 йил давомида, яъни 1991 йилдан 2016 йилга қадар БМТнинг 20 га яқин резолюцияси қабул қилинганида яққол намоён бўлади.

– Шунга қарамай, эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмаслик керак, Марказий Осиё фаровонлигини ва барқарор ривожланишини таъминлаш йўлида биргаликдаги ишларни давом эттириш зарур, – деди Акрамжон Неъматов.

Унинг сўзларига кўра, “халқаро муносабатлар кескин ўзгараётган, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида инқирозли ҳодисалар кучайишиб бораётган бугунги кунда бу масала, айниқса, долзарб. Зеро, дунёвий жараёнлар Марказий Осиё давлатларига ҳам бевосита таъсир этиб, мамлакамларимиз барқарор ривожланишига путур етказади. Қолаверса, янги дунё тартибини шакллантириш жараёни халқаро муносабатлардаги ноаниқлик ва олдиндан айтиб бўлмайдиган узоқ муддатли тенденция эканлиги ҳам аниқ”.

Мутахассис таъкидлашича, ушбу вазифаларнинг мураккаблиги юқори даражадаги мужассамликни, муаммоларни самарали бартараф этиш ва минтақани изчил ривожлантиришнинг жорий суръатини сақлаб қолиш бўйича саъй-ҳаракатни яқиндан мувофиқлаштиришни талаб қилади.

СМТИ директорининг биринчи ўринбосари бундай шароитда атрофдаги стратегик барқарорликни сақлаш, Марказий Осиёни ривожлантириш учун барқарор шарт-шароитни шакллантириш учун асосий эътиборни минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш, ўзаро ҳамкорликни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратиш зарур, деб ҳисоблайди.

Бунинг учун, биринчи навбатда, давлатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқотни ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш зарур. Барча мураккаб масалаларни музокара йўли билан, ўзаро муроса асосида ечиш муҳим. Долзарб масалалар тўсиққа айланиши керак эмас, балки мулоқот предмети бўлиб хизмат қилиши зарур, давлатлар манфаати минтақавий тараққиёт ва умумий фаровонликка интилиш нуқталарида кесишиши лозим.

– Ҳудуд ичидаги муаммоларни ўз кучимиз билан, ташқи аралашувларсиз ҳал этишимиз, бу йўлда юксак масъулият намоён этишимиз керак, – деди Акрамжон Неъматов.

Шу мақсадда давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви платформасидан тўлиқ фойдаланиш, фаолияти самарадорлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди. Кун тартибини амалий мазмун билан тўлдириш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш мақсадида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўтган йили Чўлпон-отадаги саммити якуни бўйича қабул қилинган 2022-2024 йилларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”га мувофиқ, тармоқ вазирликлари ва идоралари раҳбарлари йиғилишини мунтазам ўтказиш механизмини ишга тушириш зарурлиги таъкидланди.

СМТИ вакили, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқотга халқ дипломатияси институтларини жалб қилган ҳолда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлигига эътибор қаратди. Бунинг учун ҳудудий парламентлараро, ёшлар, фуқаролик ва хотин-қизлар форумларини ўтказиш барқарор тус олиши керак.

Иккинчидан, Акрамжон Неъматов жаҳон иқтисодиётидаги юқори турбулентлик, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирлари янги конфигурацияси шаклланаётган бир шароитда Марказий Осиёни ўзини-ўзи таъминлайдиган ва рақобатбардош бозорга айлантириш, халқаро транспорт йўлаклари ва юқори қўшимча қийматга эга ишлаб чиқариш, логистика занжирларининг интеграциялашуви муҳим аҳамиятга эгалигига ишонч билдирди.

Бунинг учун мамлакатларнинг улкан инсоний, ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, иқтисодиётларнинг рақобатдош устунлиги ва бир-бирини тўлдиришидан фойдаланиб, минтақада тўлиқ эркин савдо режими, интеграциялашган транспорт-логистика, ишлаб чиқариш-технологик ва инвестиция инфратузилмаси, умумий энергия бозорига эга инновацион рақамли платформага асосланган ягона иқтисодий маконни шакллантириш зарур.

Шу мақсадларда иқтисодий ҳамкорлик иш механизми фаолиятини таъминлаш, давлатлар раҳбарларининг Марказий Осиё ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги келишувини тўлиқ амалга ошириш, Савдо-саноат палаталарининг мунтазам йиғилишини, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, сув ресурслари, рақамли технологиялар вазирлари учрашувини ташкил этиш, инвестиция ва иқтисодий форумлар, саноат кўргазмалари ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

Учинчидан, А.Неъматов, геосиёсий ва геоиқтисодий рақобат кучайиб бораётган бир шароитда Марказий Осиёнинг субъект сифатида мавжудлигини, жаҳон саҳнасида ягона позиция билан ҳаракат қилиш қобилиятини кучайтириш, умумий манфаатни, жумладан, минтақа давлатларининг кўп векторли сиёсати, сиёсий суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тамойилини самарали ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади.

– Бунинг учун Чўлпон-Отадаги саммитда қабул қилинган Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама форматлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги концепцияси асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга минтақани ташқи дунё учун очиқ қолдириш, ўзаро манфаатли инклюзив ҳамкорлик майдони сифатида сақлаб қолиш муҳим аҳамиятга эга”, — дея хулоса қилди эксперт.

Эслатиб ўтамиз, мазкур конференция Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази томонидан Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ғ.Хонназаров тайёрлади.

ЎзА