Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқиш давомида 92-модданинг муҳокамасида ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов давлат раҳбари томонидан таклиф қилинган аралаш сайлов тизимини Конституцияда мустаҳкамлаш таклифини билдирган эди.

Аралаш сайлов тизимига мувофиқ, парламент қуйи палатаси депутатлари мажоритар ва пропорционал тизим орқали сайланади. Яъни, Қонунчилик палатасига сайланадиган 75 депутат мажоритар тизим орқали, 75 нафари эса пропорционал усулда сайланади. Бунда овоз берувчилар аниқ шахсларга эмас, партияга овоз беради. Партия эгаллаган ўринларига ўзи кадрларни танлаши мумкин бўлади.

Айни пайтда давом этаётган муҳокамаларда депутатлар ушбу таклиф ҳақида тўхталар экан, амалдаги Конституция ҳам, янгиланаётган Конституция ҳам бунга тўсқинлик қилмаслиги, шу боис Конституцияда сайловга оид нормани умумий қолдиришга келишилди. Аралаш сайлов тизимини сайлов қонунчилигида акс эттирса бўлади, деган тўхтамга келинди.

 

М.Комилова,  

ЎзА