Давлатимиз раҳбарининг «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 35-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Барно Самандарова ўзининг иқтидори ва намунали фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётгани, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётгани учун Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Туманнинг «Холимбег» овулидаги 35-умумий ўрта таълим мактабида Барно Самандарова тантанали кутиб олинди. Тадбирда устозлари, оила аъзолари, мактаб жамоаси, овул фуқаролар йиғини масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Туман ҳокими Султонбой Йўлдошев туман тарихида биринчи марта ушбу юксак давлат мукофоти билан тақдирланган Барно Самандаровани табриклаб, келгусида Зулфияхонимнинг амударёлик издошлари кўп бўлиши даркорлигини таъкидлади.

Б.Самандарова мактабдаги ўқиши давомида интизомли, зийрак, ва зукко ўқувчи сифатида ўзини кўрсатди. Билимларни қунт билан ўрганишга ҳаракат қилади. Она тили ва адабиёти, инглиз тили, рус тили, география фанларига алоҳида қизиқиб, қўшимча турк тилини ўрганмоқда. У мактабнинг жамоат ишларида фаол қатнашиб келади. Ёшлар иттифоқи Амударё тумани “Матбуот ва медиа” йўналиши сардори, Қорақалпоғистон Республикаси “Қизлар овози” клуби “Санъат ва маданият” йўналиши координатори, UNISEF ташкилоти “U-Report” лойиҳаси волонтёри ҳисобланади. 2021 йили “Илк парвозим”, 2021 йили “Меҳр”, 2022 йилда “Фахримсан, Амударём”, “Қалб сўзи” каби муаллифлик  китоблари нашр этилган. Халқаро журналларда, Қорақалпоғистон Республикаси ва туман газеталарида илмий ва ижодий мақолалари мунтазам равишда чоп этилиб келинмоқда.

МДҲ миқёсида  “Best Publikation” илмий тадқиқотлар маркази томонидан ўтказилган “Ташаббускор ислоҳотчи” кўрик танловида  гувоҳнома, кўкрак нишони ва белгиси, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. “Ренессанс” илмий маркази ва нашриёт уйи томонидан ташкил этилган “Ренессанс даври: илмий тадқиқотлар етакчиси” халқаро илмий –амалий танлов ғолиби сифатида  эсдалик кўкрак нишони, сертификат,  диплом ва совғалар билан тақдирланган.

–Барнохон ҳар гал шеърлар тўла дафтарларини кўтариб, таҳририятга келганида шеърий талаблар, ижодкорлик масъулияти, сўз юкини чин юракдан ҳис этиш борасида жиддий машғулотлар ўтказдик, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Робия Йўлдошева. – Туман “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти,  “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти унинг ҳақиқий ижод уйига, ижодий жамоа эса унинг фидойи ўқитувчиларига айланди. У нафақат Амударё тумани, балки Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм  вилояти миқёсида ўз ижоди, ҳатто жамоатчилик фаолияти билан танилди. У халқаро UNICEF болалар ташкилотининг U-Report йўналиши бўйича репортёри сифатида ёшларни турли оқимлардан ҳимоя қилишга қаратилган, ижтимоий фаолликка даъват этувчи маърузалар ўқиди. Ўзи таълим олаётган 35-умумий ўрта таълим мактабида тенгдошларига ўрнак, намунали лидер ўқувчига айланди. Ватанга муносиб фарзанд, ижодда Зулфияхонимнинг содиқ издоши бўлишдек эзгу орзу оғушида яшади ва маънавият бўстонига бир азим дарахтдек илдиз қўйишга интилди.

Тадбир якунида туман ҳокими Барнога ва унинг ота-онасига эсдалик совғаларини топширди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири