Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни, шунингдек, ушбу етакчи халқаро институтнинг мамлакатимиздаги ислоҳотлар дастурини илгари суришдаги фаол иштирокини кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Анна Бьердени яқинда янги лавозимга тайинлангани билан самимий қутлади ва масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади.
Амалий ҳамкорликнинг юқори суръати ва натижадорлиги катта мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда қўшма лойиҳалар портфели сезиларли даражада кенгайиб, 10 миллиард доллардан ошди. Бунда, 2017 йилдан кейинги даврдаги молиялаштириш ҳажмининг ярми охирги бир неча йилда ажратилган. Бугун Ўзбекистон Банкнинг энг йирик бенефициарларидан бирига айланди.
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларига асосланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Шериклик дастури қабул қилинган ва амалга оширилмоқда. Камбағалликка қарши курашиш, энергетика тармоғини трансформация қилиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш, хусусийлаштиришни бошлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш ва кўплаб бошқа йўналишларда сезиларли натижаларга эришилди.
Вице-президент Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ортга қайтмас ислоҳотлар стратегиясини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга интилиши қатъий эканини таъкидлади.
Банк камбағалликка қарши курашиш, тадбиркорлик лойиҳаларини ривожлантириш ва молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш, қишлоқ инфратузилмаси ва ўрта шаҳарларни модернизация қилиш, хотин-қизлар бандлиги ва ёшларнинг касбий таълими, 2030 йилга қадар соғлиқни сақлаш стратегиясини амалга ошириш бўйича кенг кўламли режаларга фаол кўмаклашиш ниятида.
Иқтисодиётни карбонсизлаштириш ва муқобил энергетикани ривожлантириш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш соҳасида мастер-режалар, энергетик самарадорликни ошириш дастури ва фавқулодда вазиятларда энерготизимнинг барқарор ишлаш режимини ишлаб чиқиш, гидроэнергетика лойиҳаларига экспертлар кўмагини ва молиялаштиришни жалб қилиш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришлари ва тараққиёти бўйича мамлакат ҳисоботини муҳокама қилишга бағишланган қўшма тадбирнинг якунлари юксак баҳоланди.
Бюджетни қўллаб-қувватлаш, ер ислоҳоти, қишлоқ ва сув хўжалигини молиялаштириш самарадорлигини ошириш ҳамда давлат банклари ва корхоналарини хусусийлаштириш дастурини жадаллаштириш борасидаги амалий ишларни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ислоҳотлар ва устувор лойиҳаларни илгари суриш учун Жаҳон банкининг “Мамлакат платформаси” имкониятларидан кенг фойдаланилиши таъкидланди.
Банк Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган стратегик минтақавий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиши муҳим экани кўрсатиб ўтилди.
Устувор лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишни тезлаштириш юзасидан қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.