Мамлакатимизда сўнгги 5 йилда профилактик, эпидемияга қарши ҳамда мақсадли эмлаш тадбирлари натижасида айрим касалликлар тугатилиб, кўплаб касалликлар динамикасида кескин пасайиш кузатилган.

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова айтиб ўтди.

– 2022 йилда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш учун 205 млрд. сўм ажратилди, – деди М.Саидова. – Бу 2017 йилдагига нисбатан 10 баравар кўп бўлиб, эмлаш қамрови ҳам 98 фоизга етказилди. Сўнгги 5 йил давомида эмлаш календарига 4 турдаги янги вакцина киритилди. Натижада, 2017 йилда қизамиқ ва қизилча касаллиги, 2018 йилда безгак касаллиги тугатилганлиги тўғрисида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сертификатлари олинди. Ўлат, вабо, шол, дифтерия, қоқшол касалликлари умуман қайд этилмади. 2022 йил якунига келиб, 2018 йилга нисбатан бруцеллёз 30 фоизга, вирусли гепатитнинг “В” тури 96,4 фоизга, вирусли гепатитнинг “С” тури 89,9 фоизга, ОИВ инфекцияси 4,2 фоизга камайди.

Таъкидланишича, сўнгги бир йилда Европа ва жаҳон савдо ташкилотлари ҳамда халқаро талаблардан келиб чиқиб, таълим, қурилиш, озиқ-овқат ва бошқа соҳалар бўйича 37 та санитария қоида ва меъёрлари янги таҳрирда қабул қилинди, халқаро андозаларга мослаштирилди. Моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасида 243,4 млн. долларлик 5 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шунингдек, қўмита қошида Миллий референс лабораторияси ишга туширилди. Миллий референс лабораторияси ва 13 та таркибий лаборатория халқаро аккредитациядан ўтказилди. Ушбу лабораторияларда ўтказилган таҳлил натижалари озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти жараёнларида дунё мамлакатларида тан олинади.

 

М.Қосимова,  

ЎзА