Тадбиркорлар солиқ бўйича олган енгилликни истеъмолчига ўтказиш бўйича қарор қабул қилмаяпти.
Мамлакатимизда солиқ сиёсати бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар тадбиркорларга қулайликлар яратмоқда. Масалан, 2020 йилга қадар қўшимча қиймат солиғи 20 фоизни ташкил этар эди. 20 фоиз солиқ юки 2020 йилда 15 фоизга, 2023 йилдан эса 12 фоизга туширилиши кўзда тутилган.
Хўш, ҚҚСнинг 12 фоизга туширилиши истеъмол товарлари нархига қандай таъсир кўрсатади? Ушбу савол билан Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассиси Жасур Жалоловга юзландик.
–Президентимиз томонидан тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, умуман, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яратиш мақсадида солиқ тизимида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қўшимча қиймат солиғини 20 фоиздан 15 фоизга, 2023 йилда эса 12 фоизга тушириш каби тадбирлар бунга мисолдир.
ҚҚСнинг 12 фоизга туширилиши натижасида истеъмол товарлари арзонладими, деган савол туғилиши табиий. Шу сабабли, биз ПМТИ экспертлари Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) нинг 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши истеъмол товарлари нархига қандай таъсир кўрсатишини ўргандик.
Шу ўринда айтиш керакки, ҚҚС тўловчиси бўлгани ва асосан расмий иш юритувчи ҳисоблангани сабабли таҳлил учун миллий супермаркетлардаги нархлар асос қилиб олинди. Жумладан, 97 турдаги 3 минг 754 та истеъмол товарлари бўйича тўрт ойлик статистик маълумотлар data-scraping йўли билан юклаб олинди. Ҳар бир товар тури бўйича декабрь ва январь ойларида нархлар ўртасидаги ўзгариш (treatment group) ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгариши (control group) билан солиштирилди.
Натижалар шуни кўрсатадики, ҚҚС 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келмаган. Жумладан, декабрь-январь ойларида нархлардаги ўзгариш ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгаришига нисбатан 0,3 фоиз пунктига кўп бўлган. Бу дегани бошқа барча омилларнинг таъсир кучи тўхтатиб турилган тақдирда ҳам 2,6 фоизга тушиши керак бўлган нархлар 0,3 фоизга ошган.
Хусусан, 46 та гуруҳ бўйича 1 минг 115 та товар нархи ўзгармаган. Мисол учун айтадиган бўлсак, болалар озуқаси, музқаймоқ, макарон, тана парвариши маҳсулотлари кабилар шулар жумласидан. 20 та гуруҳ бўйича 1 минг 306 та товар нархи 1 фоизгача ошган. Булар шоколад, ширинлик, гигиена маҳсулотлари кабилардир. 12 та гуруҳ бўйича 585 та товар нархи 1-5 фоизга ошган, яъни кир ювиш кукунлари, мева, гўшт маҳсулотлари, сут ва бошқа маҳсулотлар. 7 та гуруҳ бўйича 567 та товар нархи 1,6 фоизгача пасайган. Канцелярия товарлари, соуслар, қаҳва кабилар.
Аввалроқ ПМТИ экспертлари Input-output модели асосида иқтисодиётнинг 78 та тармоғи учун ҚҚС ставкасининг 3 фоиз пунктига пасайтирилиши, харажатларнинг камайишига ва бунинг ҳисобига иқтисодиётнинг реал секторида нархларнинг 0,8 фоиз пунктига пасайишига олиб келишини аниқлаган эди. Аммо амалиётда эса ҳозирча тадбиркорлар солиқ бўйича олган енгилликни истеъмолчига ўтказиш бўйича қарор қабул қилмаяпти.
ҚҚСнинг туширилиши нархлар даражасига таъсир этмаганлигининг асосий сабаблари нимада? Албатта, буни бир қатор сабаблар билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, истеъмол товарлари бозорида хуфиёна иқтисодиёт улушининг катталиги ва солиқлардаги пасайишлар расмий ишлаётган фирмаларнинг нисбатан кичик миқдордаги фойда маржаси ошишига йўналтирилиши, иккинчидан, бозорларда тегишли равишда рақобат муҳитининг шаклланиб улгурмагани ва учинчидан нархларга таъсир этувчи бошқа асосий омиллар (доллар курси, қайта молиялаш ставкаси, пул массаси ва б.) таъсир кучининг ошиб боришидадир.
Хулоса ўрнида, юқорида зикр этилган омиллар ва муаммолар ўз ечимини топса ва зарур чоралар кўрилса, ҚҚСнинг 12 фоизга туширилиши туфайли истеъмол товарлари нархлари пасаяди.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди