Сенатнинг ялпи мажлисида парламент назорати доирасида Ҳукумат, вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимларнинг ҳисобот ва ахборотлари юзасидан 27 эшитув ўтказилгани қайд этилди.

Ҳар чоракда ҳукуматнинг ҳамда молия вазирининг Давлат дастури ижросининг бориши ва давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама этилди.

Сенат Раиси Т.Норбоева сенаторлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларни ўрганишга алоҳида эътибор берганини таъкидлади. Ўрганиш якунлари бўйича мингга яқин масала ҳал этиш учун Ҳукуматга  киритилган. Мазкур таклифлар асосида 2023 йилги Давлат бюджети параметрлари ва инвестиция дастурлари доирасида 1,2 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилишига эришилди.

Сенат қўмиталари томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида ҳудудларда 67 ўрганиш ўтказилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ҳукумат аъзоларига бешта парламент сўрови юборилди. Сенаторлар томонидан жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар юзасидан  мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига 200 дан ортиқ сўров юборилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг 17,1 минг мурожаати кўриб чиқилди. 6,5 мингга яқин мурожаат алоҳида назоратга олиниб, атрофлича ўрганилди. Жумладан, 5 мингга яқин мурожаат бўйича муаллифларга тушунтириш берилди, 700 дан ортиқ ариза ва шикоятлардаги масалалар асосли деб топилиб, ижобий ҳал этилди.

Сенат Раиси бошчилигида коррупция, одам савдоси ва  мажбурий меҳнатга қарши курашиш, хотин-қизлар масалалари, гендер тенгликни таъминлаш, халқаро рейтинглар билан ишлаш каби қатор долзарб йўналишларда миллий тузилмалар фаолияти изчил давом эттирилди.

Мажлис давомида Сенат фаолияти якунлари кўриб чиқилгач, 2023 йилга мўлжалланган парламент юқори палатасининг устувор вазифалари ҳам белгилаб олинди.

 

Норгул Абдураимова,  

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА