Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.

Мажлисни кириш сўзи билан бошлаган Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борилаётган ислоҳотларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг натижадорлигини таъминлашда фаол парламент назорати олиб борилаётганига эътибор қаратди.

Кўриб чиқилаётган ҳар бир қонун, ҳар бир масала муҳокамасида инсон ҳақ-ҳуқуқларини, юртимиз тараққиётини таъминлаш, ҳудудлар манфаатларини илгари суриш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Халқаро майдонда мамлакатимиз имижини яхшилаш, жумладан, парламентлараро муносабатларни ривожлантириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтириш каби муҳим йўналишларда иш олиб борилди. Ўтган йил давомида Сенатнинг 14 ялпи мажлисида давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига доир 79 қонун кўриб чиқилди. 8 қонун рад этилди. Айтиш лозимки, бу рақам ортида шунчаки қайтарилган қонунлар сони эмас, балки қонунларнинг, аввало, аҳоли ва ҳудудлар манфаатларига қай даражада мослиги нуқтаи назаридан ўтказилган чуқур таҳлиллар ётибди. Бу жараёнда маҳаллий Кенгашлар, қўмиталар ҳузуридаги салоҳиятли эксперт гуруҳлари ҳам фаол иштирок этаётгани, қолаверса кенг жамоатчилик фикри инобатга олинаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қонунчилик йўналишига оид фаолиятда яна бир яхши амалиёт, яъни амалда бўлиб турган қонунлардаги бўшлиқлар, зиддиятлар ва аҳамиятини йўқотган нормалар бўйича мониторинг ишлари изчил олиб борилди. Хусусан, 20 дан ортиқ қонунни қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш юзасидан таклифлар Ҳукуматга киритилди. Ушбу амалиёт бундан буён ҳам давом эттирилади, – деди Сенат Раиси.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА