Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимизнинг ижтимоий сиёсати ҳар бир маҳаллага кириб бориш ва аҳоли талабини манзилли ҳал этишга қаратилган. Қарши туманидаги Янги Батош маҳалласида ҳам инфратузилма изчил ривожлантирилмоқда. 2021 йилда ташкил топган маҳалла бўлгани боис бу ерда мактаб йўқ эди. 500 дан ортиқ ўғил-қиз 10 километр масофадаги мактабга қатнарди.
Яқинда бу ерда янги мактаб қуриб битказилди. Президентимиз маҳаллага ташрифи чоғида уни кириб кўрди.
Мактаб 660 ўринли. Ўттиздан ортиқ синфхоналар, кутубхона, фаоллар зали, ошхона, STEM лабораторияси, компьютер хонаси ва касбга йўналтириш хоналари мавжуд. Очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари, йўл ҳаракати хавфсизлиги йўлаклари ташкил этилган.
Маълумки, мамлакатимизда ёшларни камида иккита чет тили ва битта замонавий ҳунарга ўргатиш мактаб таълимидаги асосий йўналиш сифатида белгиланган. Янги мактабда ҳам бунга шароит яратилган. Махсус жиҳозланган хоналарда ўқувчилар тикувчилик, заргарлик, пазандачилик, сартарошлик, электрсозлик, компьютер ва мобиль телефонларга хизмат кўрсатиш, робототехника бўйича касб сирларини ўрганади.
Давлатимиз раҳбари ўқувчилар билан мулоқотда бўлди.
– Шундай шароит яратаяпмизки, ўқувчилар мактабдан чет тилларини ва ҳунар ўрганиб чиқади. 11-синф ҳаёт йўли синфи бўлади. Агар ҳар бир ёш шундай ўқиб, жамиятда ўз ўрнини топса, Ўзбекистонимизга мустаҳкам замин бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент шу ерда қашқадарёлик ўқитувчилар билан суҳбатлашди.
– Ҳар бир ислоҳотда, қарор қабул қилишда ўқитувчилар кўз олдимда бўлади, – деди давлат раҳбари. – Сир эмас, илгари болалар уч ойлаб пахтага чиқариларди. Биргина Қашқадарёда 155 минг ўқувчи ўрни етишмасди. Бунинг учун вилоятга 1 триллион маблағ ажратилди. 215 та мактаб қурилди. Бугун Қашқадарё мактаблар сони бўйича республикада биринчи ўринда. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари ҳам оширилди. Албатта, буларни яна давом эттирамиз. Лекин асосийси – сифат бўлиши керак. Бу аввало ўқитувчиларнинг билимига, дунёқарашига, фидойилигига боғлиқ.
Учрашувда педагоглар ўз фаолияти ҳақида сўзлаб, фикр ва таклифларини билдирди.