Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Унда судьялар, божхона, солиқ соҳаси мутасаддилари, олимлар ва журналистлар иштирок этди.
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов бошқарган йиғилишда “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Шу мақсадда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жадаллаштирилади ҳамда соҳага илғор халқаро стандартлар жорий қилинади.
Бу вазифалар давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларида белгилаб берилган.
Йиғилишда Олий суд пленумининг бир қатор қарорлари кўриб чиқилди. “Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленум қарори қабул қилинди.
Унда божхона қонунчилиги бузилганлиги учун жиноий жавобгарликни келтириб чиқарувчи омиллар, божхонага оид қонун нормаларининг тўғри қўлланилиши, контрабанда билан боғлиқ ишларни квалификация қилиш масалалари, жиноят предметлари ҳамда иш бўйича олинган ашёвий далил тақдирини ҳал этиш билан боғлиқ масалалар ўз ифодасини топди.
“Эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда умумий мулкини бўлишга оид низоларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленум қарорида эр-хотин ўртасида умумий мол-мулкни бўлиш тартиби кўрсатилган.
Унга кўра, биргаликдаги умумий мулкни бўлиш никоҳ давомида, никоҳ бекор бўлгандан кейин, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўриш вақтида эр ва хотиннинг даъвоси бўйича амалга оширилиши мумкин.
Хусусан, умумий мулкни бўлиш ҳақидаги даъво билан судга эр ва хотиндан ташқари, масалан уларнинг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш зарурати туғилган ҳолатларда кредитор ҳам мурожаат қилишга ҳақли. Муомалага лаёқатсиз эр-хотиннинг манфаатида умумий мулкни бўлиш тўғрисидаги даъво аризани унинг васийси бериши, вафот этган эр ва хотиннинг умумий мулкдаги улушини аниқлаш ҳақидаги даъво ариза билан унинг меросхўрлари мурожаат қилиши мумкин.
Шунингдек, агар мол-мулк эр ёки хотиндан бири томонидан никоҳга киргунига қадар кредит маблағлари эвазига сотиб олинган бўлиб, кредит мажбуриятлари эса никоҳ давомида бажарилганда, никоҳ давомида тўланган пул суммаси эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланиши ҳақида ҳам тушунтириш берилди.
Умуман олганда, ушбу қарор келгусида эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда умумий мулкни бўлишга оид низоларни қонуний ва адолатли ҳал қилишга хизмат қилади.
“Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги пленум қарорида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳамда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қоидалари, тартиби ва муддатлари юзасидан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари билан боғлиқ низоларни кўришда солиқ қонунчилигини қўллаш борасида судларга тушунтиришлар берилган.
Солиқ соҳасидаги низолар фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилаётгани боис, ишларнинг судловга тааллуқлилигига ҳамда процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш юзасидан тушунтиришлар берилиб, амалиётда мавжуд муаммоларга нуқта қўйиладиган бўлди.
Бундан ташқари, солиққа оид низоларни маъмурий ва иқтисодий судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича аниқ раҳбарий тушунтириш берилди.
Шу кунгача суд амалиётида ишда иштирок этувчи шахсларнинг турли эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолат, яъни суриштирувчи, терговчи ва прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими асосида тайинланган тафтиш натижалари бўйича ваколатли орган томонидан қонуний чоралар кўриш ҳақида қабул қилинган қарори ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда тергов, солиқ органлари вакиллари билан ўтказилган баҳсли мунозаралардан сўнг қарорда маъмурий ҳужжат ҳисобланиши ва унинг устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги ҳақида раҳбарий тушунтириш берилди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг фуқаролик ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги пленум қарори ҳам қабул қилинди. Қарор асосида Олий суд пленуми томонидан қабул қилинган 18 қарорнинг 37 бандига ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек таҳририй тузатишлар киритилди.
Бундан ташқари, мажлисда Олий суд пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги қарори ҳам қабул қилинди.
Мажлисда Бош прокурор Н.Йўлдошев иштирок этди.
Н.Абдураимова, ЎзА