Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сиси таклифига биноан, 20-21 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу қадимий давлатга ташрифи олдидан афсонавий Миср ҳақида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашамиз.
Маълумки, Миср дунёдаги энг қадимги мамлакатлардан бири бўлиб, 50 асрдан кўпроқ тарихга эга. Бу юрт дунёга чексиз чўл, улуғвор меъморий ёдгорликлар, худолар ҳақидаги афсоналар, ёрқин меҳмонхоналари билан машҳур.
Манбаларда келтирилишича, ёзма тил илк бор айнан Мисрда пайдо бўлган. Биринчи қоғоз (папирус) ва сиёҳ ҳам шу заминда ихтиро қилинган. Бундан ташқари қадимги мисрликлар парик, тиш чўткаси каби буюмларни муомалага киритган.
Никоҳ узугини бармоққа тақиш одати ҳам қадимги Мисрда пайдо бўлган экан. Кейинчалик бу анъана юнонларга, Рим аҳли ва аста-секин бутун Европага тарқалган.
Замонавий мисрликлар улкан иншоот қуриш маҳорати борасида етакчилардан. Масалан, Асван тўғони учун энг улкан пирамида – Хеопс қабрига қараганда 16 ярим баробар кўп қурилиш ашёси сарфланган. Баландлиги 111 метрли, 10 йил давомида тикланган бу мажмуа давримизнинг энг қадимий меъморий иншооти ҳисобланади. Тўғон шу қадар улуғворки, ҳатто, фазодан ҳам осонгина кўринади. Бу ерда гидро электр мажмуаси барпо этишда ёрдам берган қурувчилар шарафига ўрнатилган 75 метрлик ёдгорлик ҳам бор.
Замонавий тадқиқотчилар фикрича, машҳур пирамидалар шафқатсиз соқчилар қамчисидан ҳалок бўлган юзлаб ҳуқуқсиз қуллар эмас, балки тажрибали, малакали ишчилар томонидан кўтарилган. Археологлар бунёдкорлар эркин яшаши, махсус ошхонада сифатли таом истеъмол қилиши ва ҳатто, фиръавнларга яқин жойда дафн этилиши ҳақидаги далилларни топишган.
Бу диёрдаги яна бир мўъжизавий табиат инъоми Нил дарёсидир. Нилда жуда кўп тимсоҳ, тошбақа, ноёб балиқ, масалан, вазни 142 кгга етадиган Нил перчи мавжуд. Ушбу дарё йил давомида 1 сонияда денгизга ўртача 3 минг 200 тонна сув қуяди. Мамлакат қишлоқ хўжалиги тақдири айнан шу дарёга боғлиқ. Айтганча, маҳаллий деҳқонлар даласидаги асосий зараркунанда Нилда жуда кўп учрайдиган бегемотдир.
Туризм соҳасида улкан салоҳиятга, тажрибага эга афсонавий ва қадимий Мисрда сайёҳлар ва саёҳатчиларга жуда илиқ муносабатда бўлишади. Аҳолининг 12 фоиздан кўпи туризм соҳасида меҳнат қилади. Агар сайёҳ билан боғлиқ бирор муаммо ёки қарама-қаршилик чиқса, маҳаллий полиция кўпинча меҳмоннинг ёнини олади.
Миср Яқин Шарқда аҳоли энг зич жойлашган мамлакат. Фуқаролар, асосан, араб тилида гаплашади, ўнгдан чапга қараб ёзади.
Шу ўринда табиий савол туғилади: аҳолининг аксарияти нега улкан мамлакатнинг кичик бир қисмида яшайди? Жавоб ҳам жуда оддий: штат ҳудудининг 95 фоизи яйдоқ чўлдан иборат. Энг йириклари Ливия чўли ва машҳур Саҳрои Кабир. Шуниси эътиборга лойиқки, қолган 5 фоиз одам Нил дарёси бўйлаб жойлашган.
Миср ҳақидаги қизиқарли маълумотлар эсланганда, кўпчилик дарҳол пирамидалар, улуғвор фиръавнлар ва албатта, туризмни ёдга олади. Бинобарин, туризм саноати мамлакат даромади рўйхатида фақат учинчи ўринни эгаллайди. Давлат фойдасининг асосий қисмини Сувайш канали орқали ўтадииган кемалар учун олинадиган йиғим ташкил этади. Иккинчи ўринни нефть қазиб олиш ва етказиб беришдан тушган даромад эгаллайди.
Маҳаллий иқлим жуда оғир: ёзда сояда ҳаво 40-50 даражагача қизиб кетиши мумкин, кечқурун эса сезиларли даражада салқин тушади. Хамсин номли шамол қум булутларини олиб келади.
Мамлакат аҳолисининг тўқсон фоизи ислом динига эътиқод қилади. Аксарият фуқаролар мусулмон маданияти анъаналарига риоя қилишади. 10 фоизи христианлар ўзини Копт черкови аъзоси сифатида билади. Дарвоқе, IV-VI асрларда православлик мамлакатда энг машҳур дин бўлган.
Мисрликлар жуда айёр ва прагматик. Расмийлар томга янги солиқ жорий этишга қарор қилганда, фуқаролар ўз уйлари томини оммавий равишда демонтаж қила бошлаган. Янги иншоотлар махсус, томсиз қурилган, чунки қурилиши тугалланмаган уй-жой учун солиқ тўланмайди. Энг совуқ вақтда ҳам бу ерда ҳарорат 14 даражадан тушмаслиги сабабли, айвон остида яшаш унчалик қийин эмас.
Маҳаллий Қизил денгиз худди Исроилдаги Ўлик денгиз сингари дунёдаги энг тоза ва энг қуёшли манба ҳисобланади. Бой флораси ва фаунаси туфайли бу жой нафақат жуда гўзал, балки бутун дунё ғаввослари учун ўта жозибали.
Миср ҳақидаги қизиқарли маълумотлар рўйхатида мамлакатнинг миллий рамзи алоҳида ўрин тутади. Бу давлат гербида дашт бургути акс эттирилган. Ушбу рамзнинг пайдо бўлиши тарихи XII асрда Қоҳира деворига ўз гербини осиб қўйишни буюрган Салоҳ Ад-Дин (Саладин) даврига бориб тақалади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Мисрни, гарчи орадаги масофа узоқ бўлса-да, тарихий-маданий муштараклик, анъанавий дўстлик ва яқин ҳамкорлик бирлаштириб туради. Мамлакатларимиз БМТ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда алоқа ривожланиб бормоқда. Президентимизнинг ушбу давлатга ташрифи бу борадаги имкониятни янада кенгайтириш, янги ҳамкорлик алоқалари ўрнатишга замин яратади.
ЎзА мухбири
Гўзал Сатторова тайёрлади.