Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар Кенгаши томонидан “14 февраль – Дарёлар, сув ва ҳаётни муҳофаза қилиш учун ҳаракатлар куни” ва “19 февраль – Жаҳон денгиз сут эмизувчиларини муҳофаза қилиш куни” муносабати билан семинар ташкил этилди.

Унда профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, «Ёшлар қаноти» ва «Аёллар қаноти» аъзолари иштирок этди.

Тадбирда биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) У.Қудайбергенова,  Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Исмайлова мазкур экологик саналар моҳияти, долзарблигини таъкидлаб, дунёда аналоги йўқ, чекланган, аммо қайта тикланувчи ресурс, энг муҳим ҳаётий зарурият бўлмиш сув ҳақида тўхталди. Айниқса, чучук сувдек ҳаётнинг энг муҳим манбасининг Ер куррасидаги табиий бойликлар орасида алоҳида ўрин эгаллаши, унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмаслиги, қолаверса, кейинги вақтда чучук сув захиралари тобора камайиб бораётганлиги ҳақида сўзлади. БМТ экспертларининг маълумотларига кўра, ер юзи аҳолисининг тахминан олтидан бир қисми тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлиш имкониятига, учдан бир қисми эса – маиший эҳтиёжлар учун сувдан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг сувга бўлган талаби асосан трансчегаравий дарёлар – Амударё ва Сирдарё ҳисобига қондирилади. Изланишларга қараганда, 2025 йилга бориб иқлим ўзгариши, глобал исиш сабабли мазкур дарёларни сув билан таъминлаётган музликлар захирасининг 15–20 фоизга камайиши кутилмоқда. Тоғ музликлари ҳажми йилига 0,2–1 фоиз атрофида камайиб бораётгани, тоғ дарёлари ҳавзаларида қор захиралари тобора қисқараётгани фикримизнинг исботидир. Иқлим ўзгариши туфайли минтақамизда ёз фаслига хос давр чўзилади. Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёри 2030 йилга бориб 5 фоизга, 2050 йилга бориб 7–10 фоизга ва ниҳоят 2080 йилга бориб ҳозиргидан 12–16 фоизга ошади.

Иқлим ўзгариши оқибатида ичимлик сув танқислигининг юзага келиши, ичимлик сувини аҳоли томонидан тежалмасдан,  исроф қилиниши, ичимлик сувни тегишли корхоналар томонидан  аҳолига етказиб беришдаги муаммолар шулар жумласидандир. Шунингдек, иштирокчиларга сувнинг нафақат тўғридан-тўғри истеъмоли, балки “виртуал сув” тўғрисида ҳамда “сув изи” тушунчалари ҳақида маълумот берилди.

 

ЎзА