Қоҳира, 19 февраль. ЎзА махсус мухбири Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Араб Республикасига ташрифи арафасида 19 февраль куни Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон – Миср бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Унда тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 200 га яқин вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар иқтисодиётнинг устувор тармоқларида икки томонлама сармоявий, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.

Форумда иштирокчилар Ўзбекистонда инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш учун муайян соҳаларда яратилган шарт-шароитлар билан ҳар томонлама танишиш, ҳамкорликнинг умумий манфаатлари ва истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда келгусида биргаликда рўёбга чиқариш мақсадида аниқ лойиҳавий таклифларни кўриб чиқиш имконига эга бўлдилар.

Бизнес-форум давомида Ўзбекистон ва Миср вазирлик, идоралари, етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида “G2B” ва «B2B» учрашуви ташкил этилиб, иштирокчилар ўзаро манфаатли савдо битимлари тузишнинг молиявий-техник жиҳатини батафсил кўриб чиқдилар.

– Президентимиз илк бор Мисрга ташриф буюраяпти. Ушбу тарихий ташрифдан катта натижалар кутилаяпти, – деди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги директори Улуғбек Қосимхўжаев. – Эътибор берадиган бўлсак, охирги беш йилда ўзаро савдо айланмаси тўрт баробар ошган. Миср биз учун бутун Африка минтақаси давлатларини боғловчи дарвоза ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу мамлакат ахборот-коммуникация технологиялари, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича бой тажрибага эга. Шу томонлама ҳам самарали ҳамкорлик қилиш мумкин.

Яна бир жиҳат,  Миср назоратидаги Сувайш канали  дунёдаги энг улкан сув магистралларидан бири. Кунига дунёдаги юкларнинг 12 фоизи шу ердан олиб ўтилади. Сувайш орқали ўтиш кемаларга йўлни беш кунгача қисқартириш имконини беради. Ўзбекистон ҳам ўз навбатида Миср учун Марказий Осиё ва ШҲТга аъзо давлатлар учун кўприк вазифасини ўташи мумкин.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Миср ўз минтақаларида фаол иқтисодий савдо, инвестициявий ва логистика муҳитини яратмоқда. Шу салоҳият бирлаштирилса кўплаб янги бозорлар пайдо бўлади.

–Чарм саноатида фаолият олиб бораман, –  дейди тадбиркор Ислом Шакир. – Бугунги форумда “Ўзчармсаноат” уюшмаси билан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Янги тузилажак корхона хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни хорижга экспорт қилиш билан шуғулланади. Ушбу корхонани Самарқанд шаҳрида ташкил этишни режалаштиряпмиз. Ўзбекистонда яратилган шароитлар билан яқиндан танишман. Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Наманган вилоятларида бўлганман.

Ўзбекистон Президентининг Мисрга ташрифи самарали бўлишига ишонаман. Ўзбекистон Марказий Осиёда ўз ўрнига эга мамлакат. Миср маҳсулотлари учун ҳам каттагина бозор ҳисобланади. Африкада 50 тадан кўп давлат бор. Ўз навбатида Миср ҳам Ўзбекистон учун Африка бозорига йўл очиб беради. Умид қиламизки, ушбу ташриф икки томон учун ҳам манфаатли бўлади.

Бизнес-форум якунлари бўйича кимё, энергетика, тоғ-кон саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, саноат зоналарини, инфратузилмани ривожлантириш, қурилиш ва фармацевтика, қайта тикланувчи электр манбалари, ахборот-коммуникация технологиялари, туризм  каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.


ЎзА