Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Дастлаб “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Бугунги кунга қадар давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатилиб, маъмурий ва фуқаролик ишларида назарда тутилмаган. Юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этишнинг шаффоф механизми жорий этилмаган. Шунингдек, ушбу соҳани мувофиқлаштирувчи ягона орган белгиланмаган.

Шу туфайли бу фуқароларнинг, айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламнинг Конституцияда кафолатланган малакали юридик ёрдамдан тўлиқ фойдалана олмаслигига ҳамда коррупциявий омиллар пайдо бўлишига сабаб бўлаётган, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатилишига тўсқинлик қилаётган эди.

Ушбу қонун нафақат юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этишга қаратилганлиги билан, балки инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириши, фуқароларга суд жараёнларида ишончли ҳимояланиш имкониятини яратиши билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Сенаторлар томонидан қонуннинг асосий жиҳатлари, хусусан, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга зарарни ундириш талаби бўйича ҳам маъмурий судга киритиш ҳуқуқини тақдим этиш, маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан такроран ижро қилинмаганлиги учун суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш, судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш ва бошқа масалаларга эътибор қаратилди.

Муҳокамаларда қайд этилишича, қонун суд тизимидаги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга ҳамда фуқаролар манфаатига ва одил судловни таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

ЎзА