Жорий йил 16 февралда “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Қарорга кўра, йиллик қуввати 10 минг тонна бўлган майда шохли моллар учун омухта ем ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил қилиш, чорва ҳайвонлари генетик тадқиқоти лабораториясини ташкил қилиш, қоракўлчилик-наслчилик хўжаликларида 500 минг бош майда шохли молларни рақамли идентификация қилиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, дон етиштириш учун 800 гектар яйлов ўзлаштирилади.
Қарорга кўра, 500 гектар яйловда қуёш энергиясида ишлайдиган насос агрегатлари ёрдамида ерости сувларини чиқариш ҳамда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича намунавий пилот лойиҳаси амалга оширилади.
2023 йил 1 августгача ижарага берилган яйлов ер майдонлари (ўрмон фонди ерлари бундан мустасно) хатловдан ўтказилиб, яйловлардан фойдаланишнинг ҳолати ҳамда шартнома талаблари бажарилганлиги ўрганилади.
Яйлов ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланган ҳолатлар юзасидан чоралар кўрилади.
Яйлов ер майдонларининг электрон ҳисобини юритиш йўлга қўйилади. 2023 йил 1 сентябргача янги таҳрирдаги “Яйловлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
ЎзА