Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу — илм-фан, таълим ва тарбиядир. Шу боисдан айни давримизда жаҳоннинг етакчи давлатлари ҳам иқтисодиётнинг барқарор ривожланишидан кўра кўпроқ, таълимни ривожлантиришни биринчи галдаги вазифа сифатида ўз олдиларига мақсад қилиб белгиламоқда.
Бу жараёнда эса, узлуксиз таълим тизимининг ўрни муҳим саналади. Хусусан, мамлакатимизда ҳам таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланмиш мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу сабабли ўтган вақт мобайнида мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасида бошланган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатди. 2017 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи бор йўғи 27 фоизни ташкил қилган бўлса, ўтган йил якунига келиб бу кўрсаткич 70 фоиздан ошди.
Аммо, юқорида таъкидлаганимиздек, таълим ва тарбия мамлакат тараққиётида бирламчи масала бўлиб қолар экан унинг тараққиёти ҳам муҳим саналади. Шу боис, юртимизда мактабгача таълим соҳасида бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, жамоатчилик ва халқимиз билан ўтказилган кенг муҳокамаларда билдирилган таклифлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқи ва парламентга йўллаган Мурожаатномасида айтиб ўтилган устувор вазифалар асосида ишлаб чиқилган Давлат дастури лойиҳасида ҳам бу борада бир қатор вазифа ва чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Хусусан, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишда бино ва иншоотлар танқислигини бартараф этиш мақсадида янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат берилмоқда.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерикка ушбу бинони мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйишга оид чекловлар бекор қилинмоқда.
Бу каби енгилликларнинг берилиши нафақат мактабгача таълим қамровини оширишга, шу билан бирга, бу борада ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган тадбиркорларга қўшимча енгилликлар яратиб, ўз маблағларини қурилиш ва таъмирлашга эмас, болажонлар учун сифатли таълим-тарбия берадиган шароит яратишга сарфлашига хизмат қилади.
Давлат дастури лойиҳасида таълимнинг ўрта бўғини саналган мактаб таълими ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун бюджетдан 2,7 триллион сўмга яқин маблағ ажратилади.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Натижада, республикамиздаги 76 та мактабда француз тили, 76 тасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ва 3 тасида япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади. Шунингдек, ўқувчилар 10-синфдан бошлаб 64 та ишчи касблар, 21 та соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишидаги касбларга ўргатилади. Ушбу жараёнга ёшлар етакчилари ва ҳудуддаги таниқли тадбиркорлар жалб қилинади. Бу эса, ўқувчи ёшларга ўз қизиқишлари бўйича мукаммал таълим олиш имкониятини яратиб беради.
Шу билан бирга, профессионал таълим тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва иш берувчиларнинг талабларига мос бўлган малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилади.
Натижада, жорий йилда дуал таълим шакли бўйича давлат гранти асосида камида 5,7 минг нафар ўқувчи қабул қилинади. Дуал таълим шаклида ўқувчи профессионал таълим муассасасида назарий билимларни олади ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, Давлат дастури лойиҳасида ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган педагогларнинг моддий таъминотини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилмоқда.
Якунда эса, 27 минг нафар профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларининг ойлик маошлари 20 фоизга оширилиб, ўртача 3 миллион сўмга тенг бўлади. Ушбу мақсадларга жорий йилда бюджетдан 139 миллиард сўм йўналтирилади.
Умуман олганда бу йилги Давлат дастури лойиҳасида ҳам мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган Тараққиёт стратегиясида белгилаб олинган мақсад ва вазифаларни изчилик билан амалга ошириш, бу жараёнда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, саломатлигини асраш, сифатли таълим тизимини яратиб бериш ҳамда барқарор ривожланаётган иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини сақлаб қолишга қаратилган аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгилаб берилмоқда.
Музафара Абдиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА