Бугун, 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармасининг (ҚБОКБ) катта маслаҳатчиси Франк Ремус билан учрашди.
Умумий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. ҚБОКБ вакили Ўзбекистоннинг афғон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Термиз шаҳридаги Гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби орқали Афғонистонга юк ташиш имкониятини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳолади.
Шу муносабат билан томонлар Ўзбекистон ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги алоқани кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Нафақат Афғонистонга, балки дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам юкларни етказиб бериш учун барча зарур инфратузилмага эга Термиз шаҳридаги Халқаро хабдан кенг фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
ЎзА