Бугун, 17 февраль куни пойтахтимиздаги “Жар” спорт мажмуасида мамлакатимиз самбочилари Ўзбекистон чемпионлиги учун басҳларга киришади.
Катталар ўртасида ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионатида 550 нафардан зиёд самбочилар қатнашмоқда. Беллашувлар эркаклар, аёллар ва жанговар самбо йўналишлари бўйича ўтказилиб, умумий ҳисобда 21 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
—Ушбу чемпионат терма жамоаларга муносиб номзодларни саралашга қаратилган. Айнан мазкур мусобақада ўз иқтидорини намойиш этганлар жорий йилги жаҳон ва қитъа чемпионатларида, шу йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга номзод спортчилар саналади, — дейди Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов.
Кеча чемпионат олдидан жамоа вакиллари ҳамда ҳакамлар учун мандат комиссиясининг йиғилиши ташкил этилди.
Мусобақалар 19 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА