Лондонда ҳаво ифлослангани учун солиққа тортиш жорий этилиши мумкин, деб хабар бермоқда “Казинформ”.
Ушбу шаҳарда ҳайдовчилар машина ишлаб чиқарилган йилга қараб, шаҳар марказига кириш учун солиқ тўлайдилар. Бу чора 2019 йил жорий этилган ва самара берган: ҳаво анча тозаланган. Энди шаҳар ҳокими Содиқ Хон таклифига кўра, ҳаво ифлослангани учун эски транспорт воситаси эгаси марказга кирмаса ҳам солиқ тўлаши керак бўлади. Бу ташаббус айрим аҳоли ва ҳатто, ҳукумат раҳбарининг ҳам норозилигига сабаб бўлди.
Лондонга кириш учун бензин ёки дизель ёқилғиси билан ҳаракатланадиган эски енгил автомобиль эгаси, шунингдек, мотоцикл ҳайдовчиси кунига 12.5 фунт стерлинг (13.71 доллар) тўлаши керак. Юк машинаси ва автобус учун бу янада қимматга тушади. Тирбандликни камайтириш учун 15 фунт (18.09 $) ундирилади. Шунинг учун ҳайдовчилар бундай манзиллардан қочишга ҳаракат қиладилар. Охирги маълумотга кўра, атмосферага азот оксиди чиқиндиси 46 фоизга тушган, шаҳар марказида экологик вазият яхшиланган. Мустақил Империал коллеж тадқиқотига кўра, ҳавони ифлослантирувчи автомобиль 60 фоиз камайди.
– Ҳар йили 4000 дан зиёд шаҳарлик кир ҳаво туфайли бевақт вафот этади, – дейди Лондон ҳокими. – Катталар ва болаларда нафас йўли ва юрак касалликлари, ўсма, деменция келтириб чиқаради. Янги ташаббус кўп жиҳатдан фойда келтириши илмий жиҳатдан исботланган.
Ҳокимлик маълумотига кўра, шаҳар марказидан ташқарида яшовчи 5 миллион киши ҳануз экологик вазиятдан азият чекмоқда. Лондонда эски транспорт воситасини бошқараётган ҳар бир кишига солиқ солиш режалаштириляпти. Экологик талабга жавоб бермайдиган 200 мингга яқин автомобиль эгаси норозилик билдириш учун кўчаларга чиқди.
Лондоннинг 11 тумани раҳбари мэрнинг қароридан хавотир билдирди. Кўпчилик бу чорани кейинга суриш таклифини киритди, чунки нарх-наво ҳам кўтариляпти. Бош вазир Риши Сунак ҳам ташаббусдан норози, бироқ у мухолифатдаги лейборчилар партияси фаоли Содиқ Хоннинг қарорини фақат суд орқали бекор қила олади.
– Пойтахтда транспорт ҳолати учун ишчилар жавобгар, – дейди Буюк Британия ҳукумати раҳбари. – Афсуски, бу ташаббусни мухолифат етакчиси Кир Стармер қўллаб-қувватламокда. Шаҳар ҳокими халқ ва тадбиркорларга қулоқ солгиси келмаяпти. У ўз қарорини қайта кўриб чиқиши керак.
Қиролликда тоза ҳаво тўғрисидаги қонун, тахминан, 70 йил олдин қабул
қилинган. Ўшанда ҳукумат кўмир ёқишни тақиқлаган ва бу ҳавони тозалашга ёрдам берганди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА