Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг 29 та тижорат банки учун «Банклар фаоллик индекси»ни янгилади ва унинг асосида банкларнинг чораклик рейтинги тузилди. Тадқиқот хусусий секторнинг банк активларидаги улуши ўзгаришини мониторинг қилиш, шунингдек, Ўзбекистон банк секторидаги ислоҳотлар ва трансформация жараёнларининг самарадорлигини баҳолаш мақсадида олиб борилмоқда.

17 та йирик банкдан “Азия Алянс банк”, “Ипак йўли банк”, “Алоқа банк” ва “Микрокредит банк” умумий рейтингда бир поғона кўтарилган бўлса, “Трастбанк”, “Инвест Финанс банк”, “Ипотека банк” ва “Агробанк” бир поғонага пасайди, қолган 9 та банк ўз позицияларини ўзгаришсиз сақлаб қолди.

Индексни ҳисоблашда банк кўрсаткичлари қуйидаги йўналишларда қўлланилган: молиявий воситачилик, молиявий оммабоплик, капиталнинг етарлилиги, активлар сифати, бошқарув самарадорлиги, даромадлилик, ликвидлик.

Тадқиқотда банклар икки гуруҳга бўлинган — катта ва кичик. Гуруҳларнинг ҳар бири учун рейтинг тузилди. Шу билан бирга, кичик банклар гуруҳига фақат Тошкент шаҳрида (ёки фақат битта ҳудудда) фаолият юритувчи банклар киради.

2022 йил 1 декабрь ҳолатига кўра республика банк тизимининг активлари жами 555,3 триллион сўм (2021 йил 1 декабрь ҳолатига нисбатан ўсиш – 29,9 фоиз), мажбуриятлари – 476,9 триллион сўм (+32,4фоиз), кредитлар қолдиғи – 382,1 триллион сўм (+19,1фоиз) ҳамда депозитлар қолдиғи – 216,5 триллион сўм (+50,9фоиз)ни ташкил этди. Ҳозирги кунда банк тизимида 57,8 минг киши фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистонда банкларнинг кредит портфели қолдиғи (банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга берилган кредитлар бўйича қарз қолдиғи) 1 декабрь ҳолатига кўра 382,1 триллион сўмни ташкил этди. Депозитларнинг умумий ҳажми 216,5 триллион сўм, депозитларнинг кредитларга нисбати ўтган даврга (44,7 фоиз) нисбатан ижобий (56,7 фоиз) ўзгарди. Таркиби бўйича кредит қолдиқларининг асосий қисми 74,4 фоиз – юридик шахслар, 25,6 фоиз – жисмоний шахсларга тўғри келди, депозитларнинг тақсимланиши мос равишда 73,3 фоиз ва 26,7 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, жисмоний шахсларнинг фаоллиги ўтган йилга нисбатан 3-4 фоизга ошди.

Банклар фаолиятига оид мурожаатлар таҳлили

2022 йилги тадқиқот давомида Халқ қабулхоналарига келиб тушган фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди. Хусусан, банк сектори фаолиятига оид масалалар бўйича 48 мингта (кунига ўртача 131 та) мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларнинг энг катта қисми, қарийб 25 фоизи “Халқ банки” фаолиятига тегишли бўлса, ундан кейин 18,9 фоиз “Агробанк”, 7,3 фоиз “Микрокредитбанк” ҳамда 3,7 фоиз “Ипотека банк” фаолияти билан боғлиқ. Шу билан бирга, такрорий 6 минг мурожаатни ўрганиш шуни кўрсатдики, энг кўп кўрсаткич ҳам юқорида кўрсатилган банкларга тўғри келган.

Мурожаатларнинг 31,6 фоизи ижобий ҳал қилинган. Рад этилган мурожаатларнинг аксарияти “Микрокредитбанк”, “Агробанк” ва “Халқ банки”га тегишли.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, фуқаролардан банклар фаолиятидан норозилик мазмунидаги 9 мингга яқин мурожаат келиб тушган.

Йирик банклар фаолияти рейтинги

2022 йилнинг IV чорак якунлари бўйича “Капиталбанк” Ўзбекистоннинг энг фаол йирик банклари рейтингида яна биринчи ўринни эгаллади. “Ҳамкорбанк” ўз мавқейини сақлаган ҳолда рейтингда иккинчи ўринни эгаллаб турибди, “Азиа Алянс банк” 1 поғонага кўтарилиб, “Трастбанк” билан ўзаро ўрин алмашди ва кучли учликни якунлади.

“Азиа Алянс банк” ликвидлик (1-ўрин) ва молиявий воситачилик (1-ўрин) кўрсаткичларини сақлаб қолди, активлар сифати кўрсаткичларини икки поғонага яхшилаган ҳолда – 5-ўринга ва бошқарув самарадорлиги кўрсаткичларини 3 поғонага яхшилаб – 6-ўринга кўтарди. Бироқ рейтинг натижалари шуни кўрсатадики, “Азия Алянс банк” капитал етарлилиги кўрсаткичларига эътибор қаратиши керак, улар ўзгаришсиз қолмоқда, чунки банк бир йил аввалгидек ушбу кўрсаткич бўйича рейтингнинг сўнгги қаторини (17-ўрин) эгаллаб турибди. Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг IV чорагида “Азия Алянс банк” рейтингдаги ўрнини 2 поғонага яхшилаган ва шу билан бирга молиявий воситачилик, потенциал даромадлилик ва ликвидлик бўйича яхши натижаларни кўрсатиб, 6-ўринни эгаллаган эди.

 

Трансформация жараёнида бўлган давлат улуши мавжуд йирик банклардан “Ипотека банк” яна рейтингда ўз ўрнини йўқотди ва умумий рейтингда 9-ўринга тушиб кетди. Ушбу банк кетма-кет учинчи чоракда молиявий воситачиликнинг пасайишини (15-ўрин) кўрсатмоқда, бу муддатли депозитларнинг кредитларга нисбатини янада ошириш, бошқа банклар ва молия институтларидан олинган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш зарурлигини, шунингдек, Молия вазирлиги олдидаги мажбуриятларини кўрсатди. Банк молиявий ликвидлик кўрсаткичини бироз яхшилаб, 11-ўринга кўтарилганига қарамай, таҳлиллар шуни кўрсатадики, юқори ликвидлик активларнинг жами активларга нисбати ошиши мақсадга мувофиқдир.

4-чоракда молиявий воситачилик кўрсаткичи бўйича “Ўзмиллий банк” йирик банклар рейтингида 17-ўринни сақлаб қолди, шунингдек, ушбу кўрсаткич бўйича “Ҳамкорбанк” 3 поғонага, “Инвест Финанс банк” ва “Агробанк” 2 поғонага, “Халқ банк” 1 поғонага пастлади.

Даромад олиш салоҳияти кўрсаткичи бўйича рейтингда “Асака банк” энг пастки поғонани сақлаб қолди, “Халқ банки” 2 поғонага, “Алоқа банк” ва “Агробанк” 1 поғонага тушган.

Бошқарув самарадорлиги кўрсаткичи бўйича “Ўзсаноатқурилишбанк” 4 поғона пастлади.

Активлар сифати кўрсаткичи бўйича “Халқ банки” охирги поғонани эгаллади ва энг катта пасайиш 3 поғонага тушган “Микрокредитбанк” томонидан кўрсатилди.

“Микрокредитбанк” бошқарув самарадорлиги ва ликвидлиги жиҳатидан энг ёмон банк бўлиб чиқди.

“Асака банк”нинг молиявий имкониятлари ва ликвидлик кўрсаткичлари бироз яхшиланганига қарамай, ушбу банк умумий рейтингда охирги ўринни эгаллаб турибди.

2022 йил IV чораги учун кичик банклар фаолияти рейтинги 14 та кичик банк орасида Топ-3 ўзгаришсиз қолди, шунинг учун 2022 йилнинг учинчи чорагида бўлганидек “Даврбанк”, “Универсал банк” ва “Зираат банк” етакчи ўринларини сақлаб қолиб, ўз мавқейини яна бир бор мустаҳкамлади.

Тўртинчи чоракда 14 та кичик банк орасида “Тибиси банк” ва “Гарант банк” рейтингда ўз ўрнини сақлаб қола олмади, “Тенге банк”, “Анор банк” ва “Ўзагроэкспортбанк” эса рейтингда бир поғона кўтарилди.

Ўзбекистонда банк тизими ҳали ҳам фаол ривожланиш босқичида ва давлат банкларини хусусийлаштиришга тайёргарлик кўрмоқда. Банк секторидаги давлат улушини 2025 йилда жорий 82 фоиздан 40 фоизгача камайтириш режалаштирилган.

Банк тизимида давом этаётган ўзгаришлар ва рақобат муҳитининг ўсиши хусусий банкларни, хусусан, инновацион молиявий маҳсулотлар ва хизматларни излаш орқали янада ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда.


ЎзА