Мамлакатимиз бўйлаб кузатилган аномал совуқ об-ҳаво шароитида кўпчилик соҳа вакиллари ўз йўналишларида қатор чора-тадбирларни амалга оширди.

Хусусан, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси таркибидаги “Ўзбекипаксаноат” ва “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмалари томонидан эҳтиёткорлик чоралари олиб борилмоқда.

Аномал совуқ ипакчилик ва чорвачилик соҳасига қандай таъсир кўрсатди? Мазкур савол юзасидан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов қуйидагиларни маълум қилди.

–Ипакчилик ва чорвачилик соҳасида қиш мавсуми келишидан олдин тайёргарликни кўриб қўямиз. Жумладан, аномал совуқ пайтида ҳам республикамизда мавжуд 11 та уруғчилик корхонасида 2022 йил мавсумида тайёрланган ипак қурти уруғлари меъёрда сақланди. 1 декабрдан қишки тиним даври учун корхоналарнинг ўзларида мавжуд совуткичларга жойлаштирилган. Қишки тиним даврида ипак қурти уруғлари совуткичларда +2 +5 С ҳароратда баҳорги ипак қурти боқиш мавсумигача сақланади.

Вилоят ва туман “Агропилла” МЧЖ ҳамда пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 2023 йил баҳорги пилла етиштириш мавсумларига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди ҳамда касаначилар, фермер хўжаликлари билан шартнома тузиш, мавжуд тутзорларни аҳолига оилавий пудрат асосида бириктириб бериш жараёнлари давом этмоқда.

Инкубаторияларни тайёрлаш, жиҳозлаш инкубистлар маҳоратини ошириш мақсадида ўқув-семинарлари ташкил этилмоқда. Корхоналарда ипак маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда маҳсулотларни экспортга йўналтириш ишлари олиб борилмоқда.

Республика яйлов чорвачилиги соҳасида қишлов мавсумини беталафот ўтказиш, қишлов мавсумида мавжуд муаммолари тезкор бартараф этиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси томонидан ҳам тегишли чоралар кўрилди.

Ташкил этилган штаблар томонидан жойларда чорва қишловининг бориши доимий назорат қилиниб, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича зарурий чоралар кўриб борилмоқда. Чорва қишловини беталафот ўтказиш мақсадида техника воситалари ва 600 нафарга яқин ишчи кучлари жалб этилган. Мавсум давомида қудуқлардан сув чиқарилиб, дағал ва кучли озуқалар етказиб берилди.

Шунингдек, қишлов даврида кучли озуқаларга бўлган талабни қондириш мақсадида 5 минг тоннага яқин кучли озуқалар, жумладан, омухта ем, арпа, озуқабоп бўғдой ва бошқа ем маҳсулотлари қоракўлчилик хўжаликларга етказиб берилди. Айни пайтда 2 минг тоннадан ортиқ кучли озуқалар захираси мавжуд.

“Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси томонидан узоқ чўл ҳудудларида ишлаётган чўпонларга махсус қишки кийимлар ҳам бепул тарқатилди. Бугунги кунда чўпон оилаларига 55,1 тонна ун ва ун маҳсулотлари, 7,6 тонна ўсимлик ёғи, 3,4 тонна шакар, 8,8 тонна гуруч, 120 тонна картошка, 86 тонна сабзи, 80 тонна пиёз маҳсулотлари тарқатилди.

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА