Ҳуқуқий муносабат

Мазкур савол юзасидан ҳуқуқшунос Ирода Қаҳҳорова қуйидагиларни маълум қилди.

– Солиқ кодексининг 87-моддасига асосан жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти мазкур шахс вафот этганда, уни вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирган ҳолларда тугатилади. Вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзи ушбу кодекснинг 94-моддасида белгиланган тартибда мерос мол-мулкнинг қиймати доирасида меросхўрлардан ундирилади.

Солиқ кодексининг 94-моддасига биноан солиқ қарзи мавжуд бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни лозим даражада бажармаганлик учун унга ҳисобланган пенялар ва жарималар суммаси ундирилиши умидсиз суммалар, деб эътироф этилади.

Ушбу жисмоний шахснинг солиқлар бўйича узилмай қолган қарзи вафот этган шахснинг мерос қилиб олинадиган мол-мулкини мерос қилиб олиш тартибида қабул қилиб олган унинг меросхўри (меросхўрлари) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати доирасида ва унинг (уларнинг) меросдаги улушига мутаносиб равишда узилади.

Агар вафот этган жисмоний шахснинг солиқлар бўйича солиқ қарзи мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ бўлса, солиқ қарзининг мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ суммаси ундирилиши умидсиз сумма, деб эътироф этилади. Мазкур норма меросхўр (меросхўрлар) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолларда қўлланилади.

– Меросхўр бўлмаганда ёки меросхўр мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда қандай йўл тутилади?

– Меросхўр бўлмаганда ёки меросхўр мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи ундирилиши умидсиз қарз, деб эътироф этилади. Умидсиз солиқ қарзи солиқ органлари томонидан ҳисобдан чиқарилиши лозим. Солиқ қарзи бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, мазкур жисмоний шахс ҳисобга қўйилган жойдаги ва (ёки) унинг мол-мулки турган жойдаги солиқ органи вафот этган шахснинг меросхўри (меросхўрлари) тўғрисида ахборот олинган пайтдан эътиборан бир ой ичида унга (уларга) солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисида хабар қилиши шарт.

Вафот этган жисмоний шахснинг меросхўри (меросхўрлари) мазкур жисмоний шахснинг солиқлар бўйича қолган қарзини мерос қабул қилиб олинган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай узиши шарт. Солиқ органининг қарорига биноан узиш муддати, агар солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисидаги хабарни меросхўр (меросхўрлар) тўлаш муддати ўтишига олти ойдан кам вақт қолганида олган бўлса, узайтирилиши мумкин. Яна бир жиҳатга эътибор бериш керакки, вафот этган жисмоний шахснинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаш бўйича қарзи умидсиз қарз деб эътироф этилади.

Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар фуқаролик қонунчилигида белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзига нисбатан ҳам қўлланилади. Демак, меросхўр(лар) мерос қабул қилиб олган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай вафот этган шахснинг солиқ қарзини узиши шарт.

 

ЎзА