Жиноятга жазо муқаррар бўлиши керак. Аммо судларда кўриб чиқилган жиноятлар таҳлили ичида асоссиз айбловлар ҳам учраши таажжубли.

Судлар ўтган йилда 13 минг 824 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддаларни айбловдан чиқариб ташлаган ёки қайта малакалаган.

Тўғри, шахснинг айбли ёки айбсиз эканини суд ҳал қилади. Лекин асоссиз айбловлар минглаб одамларни овораю-сарсон қилгани, уларни ва яқинларини изтиробга солгани кишини ўйлантиради.

Олий суд ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2022 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 75 минг 78 нафар шахсга нисбатан 58 минг 697 та жиноят иши кўриб чиқилган.

– Минг нафардан ортиқ шахс оқланиб, реабилитация қилинди, – дейди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. –Судланган шахслар сони 56 минг 542 нафарни ташкил этиб, шундан 17 минг 610 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 37 минг 503 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди. 1,5 мингга яқин шахс шартли ҳукм қилинди.

Судланган шахсларнинг асосий қисмини эркаклар, 6,5 мингга яқинини аёллар, 1,7 мингдан ортиғини вояга етмаган шахслар ташкил этди. 8,5 мингга яқин шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди.

26 минг 753 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 10 мингдан зиёдига тайинланган жазо енгили билан алмаштирилди ва 495 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

 Қайси жиноят турлари кўпроқ содир этилган?          

– Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган жиноят ишларининг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш кабилар ташкил этди.

Шунингдек, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳаракатлар, ҳужжатларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, безорилик, пора бериш, қасддан баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятлар ҳам нисбатан кўпроқ.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ярашув қўлланилиши натижасида 15 минг 315 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.

Етказилган 1,3 триллион сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 8 минг 719 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

 Судлар қарорлари бекор қилиниши ва ўзгартирилиши ҳолатлари учраяптими?

 Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 14,5 минг шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган. Мингдан ортиқ шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 3,6 мингдан зиёд шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 6 минг 264 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган. 1 минг 245 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 534 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Кассация инстанциясида эса 309 нафар шахсга нисбатан 271 жиноят ишлари такроран кўриб чиқилган. 180 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 93 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

 

Норгул Абдураимова,

ЎзА