Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида юртимизда ишлаб чиқарилган 10 та “Volkswagen Caddy” русумли тез тиббий ёрдам автомашинасини топшириш маросими бўлди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббиёт ускуналари, махсус инвентар ва асбоблар билан жиҳозлаш, тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ва аҳолига янада яқинлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги куни Оролбўйида 156 та тез ёрдам бригадаси ташкил этилган бўлиб,  уларга 171 та тез тиббий ёрдам автомашинаси бириктирилган. Тизимда мавжуд автотранспорт воситалари паркини босқичма-босқич янгилаш чоралари кўрилмоқда. Ўтган йили 26 та замонавий тиббий ёрдам автомашинаси берилган бўлса, топширилаётган 10 та тез тиббий ёрдам автомашинаси жойларда аҳолига тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.

Тадбир якунида Амударё, Элликқалъа,Тўрткўл туманларига иккитадан, Беруний, Бўзатов, Чимбой ва Кегейли туманларига биттадан тез тиббий ёрдам автомашинаси топширилди.


Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА