Осиё олимпия кенгаши бош директори, Халқаро сузиш федерацияси президенти Ҳусайн Ал-Мусаллам, Халқаро кураш ассоциацияси президенти, Осиё олимпия кенгашининг Осиё ўйинлари департаменти бош директори Ҳайдар Фармон “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ўйинлари учун барпо этиладиган спорт мажмуаси лойиҳаси билан танишди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, қўмита раиси ўринбосари Азизжон Комилов, Қурилиш вазирининг ўринбосари Шукруллобек Жаҳонгиров, Хитойнинг “Camce” компанияси муҳандислари иштирок этган танишув жараёнида Олимпия шаҳарчаси ҳақида меҳмонларга маълумот берилди.

Учрашувда ООК мутасаддилари барпо этиладиган ареналардаги акустика тизимидан тортиб, трансляция масалалари, томошабинлар ва фахрий меҳмонлар учун ажратиладиган секторларни шакллантириш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Муҳокамалар давомида халқаро экспертлар ҳар 3 ойда қурилиш жараёни билан танишиб боришлари, лойиҳа ишлари якунланганидан сўнг 2025 йилнинг март ойларида Олимпия шаҳарчасида синов мусобақаларини ўтказиш хусусида сўз юритилди.

 

ЎзА