Теннисчиларимиз Нигина Абдураимова Ҳиндистондаги, Ҳумоюн Султонов эса Қувайтдаги нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этмоқда, дея хабар бермоқда Ўзбекистон теннис федерацияси матбуот хизмати.
Мукофот жамғармаси 40 минг АҚШ долларидан иборат Пуна шаҳрида ўтаётган «W40 Pune» турнирида Нигина Абдураимова бугун 26 январь куни ўтган ярим финал учун кечган баҳсда япониялик Ери Шимизуни 6/2, 6/1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Айтиш лозим, Абдураимова 1/16 финалда латвиялик Диана Марцинкевични 6/2, 6/0 ҳисобида, 1/8 финалда россиялик Дарья Кудашовани 6/2, 6/1 кўринишида доғда қолдирган эди.
Мукофот жамғармаси 25 минг АҚШ долларини ташкил этган Қувайт турнирида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ҳумоюн Султонов турнирнинг 1/16 финалида мусобақанинг биринчи ракеткаси, бельгиялик Филип Жиануни 6/2, 6/1, 1/8 финалда нидерландиялик Нилс Вискерни 6/2, 7/6(5) ҳисобларида доғда қолдирди.
Турнирнинг 1/4 финалида Ҳумоюн нидерландиялик яна бир теннисчи Сидан Понтйодикромо билан куч синашади.
Ҳиндистон ва Қувайтда давом этаётган халқаро турнирлар ҳафта сўнгида якунланади.
Т.Рўзиев, ЎзА