Нидерландияда давом этаётган “Tata Steel Chess” халқаро турнирининг “Мастерс” гуруҳидаги 9-тур ўйинлари якунланди.

Ушбу турда мусобақада етакчилик қилаётган истеъдодли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов германиялик Винсент Кеймерга қарши қора доналарда ҳаракат қилди. Ушбу тўқнашув 9-турнинг энг узоқ давом этган беллашуви бўлди.

Профессионал шахмат мусобақаларида ҳар икки шахматчи олти марта куч синашган. Учрашувларнинг биттасида Нодирбек ғалаба қозонган. 5 марта дуранг натижа қайд этилган. Бу галги баҳснинг 25-юришига келиб, 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони Н.Абдусатторов битта пиёда устунлигига эришди. Аммо, 33-юришда германиялик шахматчи ўртадаги фарқни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Ўйиннинг 70-юриш ҳолатида Нодирбек битта пиёдани олдириб қўйди ва ниҳоят сўнгги юришларда кучларни тенглаштиришга эришди. Бу эса ҳар икки шахматчини муроса йўлини танлашига олиб келди. 1/2:1/2. Мазкур натижа Нодирбек Абдусатторовнинг умумий ҳисобда 6,5 очкога эга бўлган ҳолда етакчиликни сақлаб қолишини таъминлади.

Қолган учрашувларда Пархам Магсудлу – Уэсли Со-½:½, Магнус Карлсен – Доммараю Гукеш-½:½, Рамешбабу Праггнананда – Фабиано Каруана-½:½, Эригаиси Арджун – Ричард Раппорт -0:1, Левон Аронян – Жорден Ван Форест- ½:½, Дин Лижэнь – Аниш Гири-0:1 натижалари қайд этилди.

Ўтказилган ўйинлар сарҳисобига кўра, ҳамюртимиз Абдусатторовдан кейинги ўринни 6 очко билан Аниш Гири банд этди. Ундан кейинги ўринлардан 5,5 очко билан Уэсли Со, 5 очкога эга Магнус Карлсен, Левон Аронян, Рамешбабу Праггнананда ва Фабиано Каруана жой олди.

“Челленжер” гуруҳининг 9-тур учрашувида Ж.Синдоров оқ доналарда америкалик Мишра Абхиманю билан куч синашди. Шиддатли ўтган ўйинда Жавоҳир рақибини мағлуб этди ва очколари сонини 6 тага етказиб олди.

Бугун, 25 январь куни халқаро турнирнинг “Мастерс” гуруҳида ўтадиган 10-тур ўйинида Нодирбек Абдусатторов Халқаро шахмат федерацияси рейтингида 2-ўриндан жой олган хитойлик Дин Лижэнь билан тўқнаш келади. Жавоҳир Синдоров эса нидерландиялик Эрвин Л’Ами билан куч синашади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА