Бугун, 24 январь куни Нидерландияда давом этаётган “Tata Steel Chess” халқаро турнирининг 9-тур ўйинлари бўлиб ўтади. “Мастер” гуруҳида 6 очко жамғарган Нодирбек Абдусатторов бугунги баҳсда германиялик Винсент Кеймер билан рўбарў келади.

Эътиборли жиҳати, Нодирбек фаолияти мобайнида Винсент Кеймер билан олти марта куч синашган. Бир марта ғалабага эришган бўлса, 5 марта дуранг ҳолати қайд этилган. Умумий ҳисоб-китоблар 3.5-2.5. Бу галги учрашув улар фаолиятидаги еттинчи “дуэль”дир.

Бугунгача ўтган ўйинлар сарҳисобига кўра, Абдусатторов 6 очко билан “Tata Steel Chess” турнирида етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда бораётган Аниш Гири ва Уэсли Со 5 очкога, Левон Аронян, Рамешбабу Праггнананда, Фабиано Каруана ва Магнус Карлсен 4.5, Дин Лижэнь 4,  Ричард Раппорт ва Пархам Магсудлу 3.5,  Арджун Эригаиси ва Ричард Ван Форест 3,  Винсент Кеймер ва Гукеш ҳисобида 2.5 очко мавжуд.

Бугун, шунингдек, ҳамюртимизнинг энг яқин таъқибчилари Уэсли Со қора доналарда Пархам Магсудлу билан, Аниш Гири ҳам қора доналарда Дин Лижэнь билан куч синашади.

“Челленжер” гуруҳида германиялик Александр Донченко 6 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда. Ушбу гуруҳнинг 9-турида 5 очко жамғарган ҳолда 4-ўринда бораётган Ж.Синдоров бугун оқ доналарда америкалик Мишра Абхиманюга қарши дона суради. Гуруҳ етакчиси Александр Донченко нидерландиялик Эрвин Л’Амига қарши баҳс юритса, туркиялик Мустафа Йилмаз ҳиндистонлик шахматчи қиз Рамешбабу Вайшали билан куч синашади.

Халқаро турнирнинг ҳар икки гуруҳидаги умумий турлар сони 13 тадан иборат бўлиб, 29 январга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА