Бир йил кечиктириб ўтказилаётган «Ханчжоу-2022» Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган оғир атлетика баҳсларининг муддати ўзгарди.

Бу борада Осиё оғир атлетика федерацияси ва мусобақа ташкилий қўмитаси ўзаро келишувга эришди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

Бунга сабаб сифатида жорий йил 2-17 сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинлари орасидаги муддат яқин бўлиб қолгани кўрсатилмоқда.

Аввалги тақвимга кўра, Осиё ўйинларидаги оғир атлетика баҳслари 27 сентябрь – 4 октябрь кунлари ўтказилиши лозим эди. Янги санага мувофиқ, баҳслар 30 сентябрь – 7 октябрь кунлари ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, «Ханчжоу-2022» Осиё ўйинлари жорий йилнинг 23 сентябрь — 8 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

ЎзА