Қиличбозликнинг сабля йўналишида Перуда ўтган навбатдаги жаҳон кубоги беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам яккалик, ҳам жамоавий йўналишда ғалабага эришди.

Шахсий биринчиликда Муса Аймуратов барча рақибларини катта устунлик билан доғда қолдирган бўлса, мазкур дастурда Исломбек Абдазов ва Азизбек Даулетназаров бронза медалларига эга чиқди.

Ушбу учликка қўшилган истеъдодли спортчимиз Зуҳриддин Қодиров жамоавий дастурда олтин медаль қўлга киритилишига муносиб ҳисса қўшди.

Шунингдек, ҳафта сўнгида шпагачи қизларимиз Исроил, йигитларимиз Баҳрайнда ўтган жаҳон кубоги босқичида яккалик беллашувларда чорак финалгача етиб борди.

Жамоавий дастурда финалда мезбонларга имкониятни бой берган қизларимиз кумуш медалга сазовор бўлди. Йигитларимиз эса кучли тўртликдан жой олди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

Мамлакатимиз қиличбозларининг ушбу учта мамлакатда ўтган баҳсларда ўзига хос натижага эришиши кейинги муваффақиятларга замин бўлиши шубҳасиз.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА