Франциядаги “Hennebont Ping Center” халқаро мусобақалар марказида “ITTF World Hopes Week & Challenge” дастури доирасида стол тенниси бўйича ёш спортчилар ўртасида ўтказилган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Аружан Камалова муваффақиятли иштирок этди.

30 та миллий ассоциациядан 20 нафар ўғил ва 20 нафар қиз қатнашган турнирда Тошкент вилояти стол тенниси мактабининг тарбияланувчиси Аружан Камалова “А” гуруҳидан жой олди ва ўз гуруҳида иккинчи ўринни қўлга киритган ҳолда плей-офф йўлланмасига эга чиқди.

Олимпия тизимида ўтказилган босқичда чорак финалда Аружан  франциялик рақибидан устун келди ва ярим финалда таиландлик рақибига қарши баҳс олиб борди.

Финал йўлланмаси учун курашда А.Камалова таиландлик рақибасига имкониятни бой берди. 3-ўрин учун кечган баҳсда Аружан эронлик рақибасига рўбарў келди ва уни 3-1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, турнирнинг бронза медали соҳибига айланди.

Ушбу муваффақият туфайли ҳамюртимиз жорий йил март ойида Сингапур мамлакатида дунёнинг энг кучли кичик ракетка усталари иштирокида ўтадиган навбатдаги турнирда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА