Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида давом этаётган “Tata Steel Chess” мусобақаси тобора қизғин паллага кириб бормоқда.
Бугун, 21 январь куни поёнига етган 7-турда ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Аржун Эригайсига қарши кураш олиб борди.
Қизиқарли ва ўзига хос комбинацион тарзда ўтган ўйинда ҳамюртимиз гарчи қора доналарда ҳаракатланган бўлса-да, ўтган йилги халқаро мусобақада амалдаги Жаҳон чемпиони Карлсенни мағлубиятга учратган 19 ёшли Аржунни кўп ҳолларда қийин вазиятга солиб қўйди.
Бу ҳаракатлар охир-оқибат ўз самарасини берди. Ўйиннинг 43-юришида ҳиндистонлик шахматчи Нодирбекнинг ҳужумларига дош бера олмади ва таслим бўлди.
Якунланган 7-тур ўйинларидан кейин 5,5 очко жамғарган Нодирбек Абдусатторов халқаро турнирдаги пешқадамлигини янада мустаҳкамлаб олди.
«Челленжер» гуруҳининг 7-турида Жавоҳир Синдоров нидерландиялик Элин Роеберс билан рўбарў келди. Оқ доналарда ҳаракат қилган Жавоҳир учрашувда ғалабага эришиб, очколари сонини 5 тага етказиб олди.
Эртага, 22 январь куни “Мастерс” гуруҳида бўлиб ўтадиган 8-тур учрашувида Нодирбек Ливан Аронянга қарши баҳс юритади.
«Челленжер» гуруҳида ўз маҳоратини намойиш этаётган Жавоҳир Синдоров эртанги 8-тур ўйинида мусобақа етакчиларидан бири — туркиялик Мустафа Йилмазга қарши қора доналарда ҳаракатланади.
Т. Рўзиев, ЎзА