Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган «Tata Steel Chess» халқаро турнирида шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров юртимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилмоқда.
Кеча Нодирбек Абдусатторов қатнашаётган «Мастерс» гуруҳи учун дам олиш куни этиб белгиланган эди. Жавоҳир Синдоров дона сураётган «Челленжер» гуруҳида бўлса, 5-тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Мазкур турда Синдоров словакиялик гроссмейстер Жергус Печак билан куч синашди. Ўзига хос учрашувда Жавоҳир ғалабага эришди ва 5 имкониятдан 3,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Ушбу натижа туфайли ҳамюртимиз турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олди. Туркиялик Мустафо Йилмаз 4 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Бугун, 19 январь куни «Челленжер» гуруҳида дам олиш куни бўлса, Абдусатторов пешқадамлик қилаётган «Мастерс» гуруҳида навбатдаги тур ўйинлари ташкил этилади. Унда Абдусатторов Магнус Карлсен билан куч синашади.
Эртага «Челленжер» гуруҳида Синдоров 6-турда бразилиялик Луис Супига рўбарў келади.
Т. Рўзиев, ЎзА