Бугун, 18 январь куни Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида қитъа чемпионати бошланмоқда.
Осиё қитъасининг 30 га яқин давлатларидан маҳоратли ёш чарм қўлқоп учталари иштирок этаётган биринчиликда мамлакатимизнинг 11 нафар хотин-қиз ва 13 нафар ўғил бола боксчилари ғолиблик учун кураш олиб боради.
Кеча чемпионат олдидан мандат комиссиясининг йиғилиши ҳамда барча вазнларда қатнашадиган боксчилар ўртасида қуръа ташлаш маросими ташкил этилди.
Қуръа натижаларига кўра, бугун U-22 Осиё чемпионатининг илк жангларида терма жамоамиз аъзоларидан Мирзабек Мирзахалилов 57 килограмм вазнда илк жангини ўтказади.
Бокс бўйича халқаро тоифадаги рефери, Ўзбекистон бокс федерацияси ҳакамлар кенгаши раиси Бекжон Юсупов чемпионатда ҳакам сифатида фаолият олиб боради.
Қитъа чемпионати 26 январга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил январь ойида Тошкентда ўтказилган қитъа чемпионатида мамлакатимиз вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди.
Т.Рўзиев,
ЎзА