АҚШнинг Лейк-Плесид шаҳрида XXX қишки Универсиада ўйинлари бошланди.
12 январь куни кечки пайт Универсиаданинг тантанали очилиш маросими ташкил этилиб, унда иштирок этаётган 46 та мамлакат спорт делегацияси ўз давлати байроғи билан спорт майдони бўйлаб ҳаракатланди. Шулар қаторида ўзбекистонлик спортчи-талабалар ҳам Ватанимиз байроғини тантанали равишда олиб ўтди.
«Қишни асрайлик!» шиори остида ўтаётган Универсиада ўйинларида дунё мамлакатларининг 540 дан ортиқ университет ва бошқа олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 1443 нафар талаба-спортчиси қатнашмоқда. Маросимда Америка қитъасида яшаб ўтган қабила-элатларнинг саломлашиш жараёнлари компазицион шаклда намойиш этилди.
Муздаги нафис чиқишлар, спортчиларнинг қасамёдлари ва ўзига хос оловсиз қозонни ёқиш жараёнлари Универсиаданинг очилиш тантаналарига файз бағишлади.
Мазкур Универсиада ўйинларида Ўзбекистон талаба-спортчиларининг 13 нафари учта спорт тури бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Бугун, 13 январь куни бир қатор спорт турларида, жумладан вакилларимиз қатнашадиган снобуорд ва тоғ чанғиси йўналишларида дастлабки саралаш баҳслари ўтказилади.
Айтиш лозим, йилнинг илк комплекс мусобақаси бўлган ушбу Универсиада ўйинларида спортчилар 12 та спорт (тоғ чанғиси, биатлон, чанғи пойгаси, керлинг, фигурали учиш, фрицтайл, хоккей, чанғи икки кураши, шорт-трек, трамплиндан сакраш, сноубординг, конькида югуриш) туридаги 86 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.
Мусобақалар 22 январга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА