Бугун, 12 январь куни Куала-Лумпурдаги Осиё футбол конфедерацияси штаб-квартирасида «Париж-2024» Олимпия ўйинларининг аёллар футболи бўйича Осиё минтақасининг саралаш ўйинларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси Вьетнам, Хитой Тайпей, Таиланд, Мянма, Филиппин, Ҳиндистон билан 1-саватчадан жой олди.

Иккинчи саватчадан Осиё рейтингида 13-19-ўринларни эгаллаган Эрон, Иордания, Гонконг, Индонезия, Непал, Қирғизистон ва Мўғулистон ўрин олди. Учинчи саватни 20-26-ўрин соҳиблари Фаластин, Сингапур, Туркманистон, Бангладеш, Ливан, Тожикистон ва Тимор ташкил этди. Тўртинчи саватда 27-30-ўринларда бораётган Шри-Ланка, Малдив ороллари, Покистон, Бутан ва рейтингсиз Афғонистон жамоаси жойлашди.

Жамоалар тўрттадан иборат бешта гуруҳга ва учтадан иборат иккита гуруҳга бўлинди. Улар жорий йил 3-11 апрель кунлари марказлашган майдонда битта давра лигаси форматида «Париж-2024» йўлланмаларини қўлга киритиш йўлида 2-босқичга чиқиш учун рақобатлашади.

Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси «А» гуруҳидан Иордания, Тимор  ва Бутан жамоалари билан жой олди.

Иккинчи босқичга фақат гуруҳ ғолиблари йўл олади. Улар қитъа аёллар футболи рейтингида кучли бешликда бораётган Шимолий Корея, Япония, Австралия, Хитой ва Жанубий Корея жамоалари билан Олимпия йўлланмалари учун иккинчи босқичда курашни давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, Париж Олимпиадасининг аёллар футболида Осиё қитъаси учун иккита ўрин ажратилган.


Т.Рўзиев, ЎзА