Диде Дешам 2026 йил июнигача Франция футбол терма жамоаси бош мураббийи лавозимида фаолиятини давом эттиради.

Бу ҳақда Франция футбол федерацияси хабар тарқатди.

1998 йили Франция терма жамоаси таркибида футболчи сифатида жаҳон чемпионлигига эришган 54 ёшли собиқ ярим ҳимоячи орадан 20 йил ўтиб, яъни, 2018 йилги мундиалда бош мураббий сифатида Франциянинг жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишини таъминлади.

Ўтган йилнинг сўнгги ойида Қатарда ўтган чемпионатда эса Дешам бош мураббийлигидаги французлар Жаҳон кубогини сақлаб қола олмади. Улар драматик тарзда кечган финалда Аргентинага пенальтилар сериясида мағлуб бўлди.

Дешам етакчилигида Франция термаси 2020-2021 йиллари Миллатлар Лигасида ғалаба қозонди, Евро-2016 финалига чиқди.

2012 йил 9 июлдан бош мураббийликка тайинланган Диде Дешам бош мураббийлигидаги Франция жамоаси 89 та ғалаба, 28 та дуранг ва 22 та мағлубиятли ўйин ўтказган.

Хабарда келтирилишича, мураббийлар штабида Гай Стефан, дарвозабонлар мураббийи Франк Равио ва жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Кирил Мойн ҳам Дешам билан биргаликда фаолиятни давом эттиради.

 

 ЎзА