Маълумки, жорий йилнинг 3-4 февраль кунлари пойтахтимизда теннис бўйича Ўзбекистон ва АҚШ терма жамоалари учрашуви бўлиб ўтади.

Мазкур нуфузли учрашув олдидан ҳар иккала терма жамоа ўз таркибларини эълон қилди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

Ушбу баҳс терма жамоалар ўртасида норасмий Жаҳон чемпионати ҳисобланган Девис Кубогининг жаҳон лигасига саралаш босқичи доирасида ташкил этилади. Ғолиб жамоалар сентябрь ойида ўтадиган Девис Кубогининг финал босқичига йўл олади.

Учрашувнинг илк кунида иккита яккалик баҳси, иккинчи куни эса битта жуфтлик ва иккита яккалик баҳси ўтказилади. Мазкур сўнгги саралаш босқичида 24 та терма жамоа 12 та йўлланма учун кураш олиб боради.

Иккала терма жамоа мураббийлари томонидан таркиблар эълон қилинди. Мамлакатимизнинг иккинчи ракеткаси Денис Истомин сардор сифатида теннисчиларимизни кортга бошлаб тушади. Таркибдан шунингдек, Сергей Фомин, Ҳумоюн Султонов ва Санжар Файзиев жой олган.

АҚШ терма жамоаси сафида Тошкентга Томми Паул, Женсон Бруксби, Макдоналд Маккензи, Ражив Рам ва Остин Крайчик келиши кутилмоқда.

Таққослаш учун, АҚШ вакилларидан ATP рейтингида Томми Пол 32, Бруксби 48, Макдоналд 63-ўриндан жой олган бўлса, ҳамюртларимиздан Фомин 362, Истомин 468, Султонов 489, Файзиев 1178-поғонани эгаллаб турибди. Жуфтлик баҳсларида иштирок этадиган АҚШ терма жамоаси аъзоларидан Ражив Рам жуфтликлар рейтингида 3, Крайчик эса 10-ўринда қайд этилган.


ЎзА