Ҳамдўстлик мамлакатлари II ўйинларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида мусобақа низоми тасдиқланди, дея хабар бермоқда МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати.
Унга кўра, II МДҲ ўйинлари жорий йилнинг 4-14 август кунлари Беларусь давлатининг 11 шаҳрида 21 спорт тури бўйича ташкил этилади.
Мусобақалар Минск, Борисов, Брест, Витебск, Гомел, Гродно, Жлобин, Могилёв, Молодечно, Орша ва Солигорск шаҳарларида ўтказилади.
МДҲ ўйинларда 3 мингга яқин спортчи, мураббийлар, ҳакамлар, тиббиёт ходимлари ва бошқалар иштирок этиши кутилмоқда.
Ўйинларда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Мольдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон спортчилари дастурдаги деярли барча турларда қатнашса, Мўғулистон, Хитой, Куба, Эрон, Ўмон, Саудия Арабистони вакиллари айрим спорт турларида иштирок этиш кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 4–11 сентябрь кунлари Қозон шаҳрида ўтган I МДҲ ўйинларида 9 давлатнинг 1000 нафардан ортиқ спортчилари 16 та йўналишдаги 181 та медаллар жамланмаси учун мусобақалашганди.
Т. Рўзиев, ЎзА