«Футбол қоидаларига кўплаб ўзгаришлар киритилаётганлигига Қатарда ўтган Жаҳон чемпионатида яна бир бор гувоҳ бўлдик. Мазкур ўзгаришларни энг аввало ўзбекистонлик ҳакамлар, инспекторлар, футболчилар, мураббийлар ва кенг жамоатчиликка тўлақонли етказишимиз лозим», деди Ўзбекистон футбол ассоциациясида ўтган йиғилишда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов.

2023 йилги футбол мавсумига тайёргарликка бағишланган йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази директори Лазиз Қўчқоров, инструктор назоратчилар Владислав Сейтлин, Валентин Коваленко, Александр Попов каби мутахассислар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдиришди, дейилади ЎФА матбуот хизмати хабарида.

ФИФА ҳакамлар инструктори Фарҳод Абдуллаев Қатарда якунланган Жаҳон чемпионатидаги VAR тизимига оид ўқув материаллар ва янгиликлар ҳақида сўзлаб берди.

Муҳокамалар жараёнида ҳакамликни янада шаффофлаштириш, ташкил этиладиган семинарларда футбол қоидаларидаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот бериш, тажрибали мутахассислар иштирокида ўйин вақтидаги кутилмаган ҳолатларни баҳолаш каби масалалар хусусида сўз борди.

Йиғилиш якунида жорий йил февраль ойида ўйин қоидаларидаги ўзгаришлар ҳақида Супер-лига ва Про-лига жамоаларининг аъзоларига тушунтиришлар берилиши юзасидан қарор қабул қилинди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА