Бугун, 5 январь куни Криштиану Роналду билан икки йиллик шартнома имзолаган «Ал-Наср» футбол жамоасининг Саудия Арабистони чемпионатидаги навбатдаги тур ўйини бўлиб ўтади. Аммо жамоа сафида Роналду майдонга туша олмайди. Сабаби…
Daily Mail нашрининг маълумотига кўра, Англия премьер лигасидаги ўйин мобайнида Роналдуга берилган дисквалификация Саудия Арабистони чемпионатида ҳам амал қилади.
Ўшанда Криштиану Роналду «Эвертон»га қарши ўйинда ёш мухлисининг қўлидан телефонни олиб қўйганлиги туфайли Англия футбол ассоциацияси томонидан иккита ўйинга дисквалификация қилинган.
FIFA қоидасига биноан бир лигада қўйилган тақиқ бошқа бир лигада ҳам амал қилинади. Қарор чиқарилгач, АПЛда танаффус эълон қилинганди. Шундан сўнг Роналду ва МЮ ўртасидаги шартнома бекор бўлди. Бу ўртада футболчи бирон-бир лигада ўйин ўтказмаганлиги оқибатида жазо ижросиз бўлиб келаётганди.
Шу сабабли Роналду «Ал-Наср»нинг бугун «Ал Таее»га қарши учрашувини ҳамда 14 январь куни «Ал-шабаб»га қарши ўйинни ҳам томошабинлар сафида кузатиши лозим бўлади, дейилади хабарда.
ЎзА