Маълумотларга кўра, жорий йилда 6 минг 700 дан зиёд ер участкалари аукционга қўйилган. Ер участкаларининг 2 минг 200 дан зиёди мулк ҳуқуқи, 4 минг 500 га яқини ижара ҳуқуқи асосида сотилган.

Хўш, Давлат кадастрлари палатасида 2023 йилдаги режалар қандай? Аҳоли учун ер участкаларини сотиш ва аукционга қўйиш борасида яна қандай имкониятлар яратилди? Шу каби саволларга Давлат кадастрлари палатаси Ерларни аукционга чиқариш бўлими бош мутахассиси Зуҳриддин Фахриддинов қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Жорий йил мобайнида Ерларни аукционга чиқариш бўлими томонидан ерларни келишиш, кўриб чиқиш, аукционга тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича мониторинг ва назорат ишлари амалга оширилди.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 февралдаги 71-сонли қарорига асосан ҳозирги кунда 90 мингдан зиёд ер участкалари электрон автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилди. Шунингдек, ушбу қарорнинг 3-иловаси билан тасдиқланган низомга асосан якка тартибдаги турар жой қуриш учун эса 1 минг 500 та ер участкалари «YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилди ва 200 дан ортиқ ер участкаларини аукцион савдосига чиқариш чоралари кўрилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 71-сонли қарорига жорий йилнинг 30 ноябрь куни ҳолатида Вазирлар Маҳкамасининг 685-сонли қарорига асосан тегишли ўзгартиришлар киритилди.

«YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига хулоса бериш, кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилди.

Хусусийлаштириш тизимида эса уй-жойни хусусийлаштириш нархлари 20 баробардан вилоят марказларида 10 баробарга, туманларда эса 5 баробарга қисқартирилди.

2023 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 685-сонли қарорига асосан тизимга ўзгартиришлар киритиш кутилмоқда. Ушбу тизимда янги услубда  қисқа муддатда ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш ишларини жадаллаштириш, 50 мингга яқин ер участкаларини тизимга киритиш ва савдога чиқариш жараёнлари режалаштирилган.


Гулноза Бобоева, ЎзА