Оила бузилган ва ота-онадан бири ўз фарзанди учун моддий таъминот — алимент тўлашдан бош тортган ҳолларда алоҳида яшовчи ота ёки онанинг бола таъминотида иштироки ўта долзарб масалага айланади.

Мамлакатимизда белгиланган қонунчиликка кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдир. Шунингдек, алоҳида яшовчи ота ёки она вояга етмаган фарзанди таъминотида турли шаклларда иштирок этишга ҳақлидир.

Мажбурий ижро бюроси Чилонзор туман бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2014 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор А.Туйчиевдан ундирувчи Г.Амантаева фойдасига 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжати келиб тушган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши қўзғатилган.

Қарздор А.Туйчиев томонидан 2014 йилдан бугунги кунга қадар алимент пуллари тўлиқ тўланиб келинган ва давлат ижрочиси Ф.Мақсудов томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида қарздор ота томонидан фарзанди 18 ёшга тўлгунга қадар алимент пуллари, яъни 104 миллион 507 минг сўм олдиндан ундирувчи Г.Амантаевага тўлиқ ундирилиб берилди.

Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддасига асосан ижро ҳужжати тамомланди.

Аслида алиментни ҳисоблаш тартиби қандай?  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, алимент тўловчининг тўлайдиган алимент миқдорини mib.uz калькуляторида ҳисоблаш мумкин. Бунинг учун mib.uz орқали алимент калькулятори бўлимига кириб, керакли маълумотлар тўлдирилса, қанча алимент олиш ёки тўлаш лозимлиги маълум бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда яқинда тасдиқланган статистик маълумотларга қараганда, ўртача ойлик иш ҳақи 2 176 185 сўм этиб белгиланди. Эндиликда ишсиз бўлган алимент тўловчи бир нафар фарзанд учун 544 минг 146 25 сўм, 2 нафар фарзанд учун 725 минг 528 33 сўм, 3 нафар ва ундан ортиқ фарзанд учун 1 088 292 50 сўм алимент тўлаши лозим бўлади.


Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА