Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотига кўра, бугунги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 107 минг вакант иш ўринлари мавжуд бўлиб, Миллий вакансиялар базасида “Талабалар учун иш” алоҳида функционал ҳамда 99 та олий таълим муассасаларида “Карьера марказ”лари ташкил этилган.

Талабаларнинг бандлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар қилиняпти. Яъни, жорий йил ноябрь ойи ҳолатига 49 минг нафардан ортиқ талаба, шундан 3 минг 525 нафар чин етим, ногирон ҳамда ижтимоий ҳимоя реестрдаги дафтарларга киритилган талабалар иш билан таъминланди.

Талабалар бандлигини таъминлаш мақсадида таълим муассасаларида 480 дан ортиқ хоналар бепул ажратилиб, 340 дан ортиқ маиший хизматларда талабаларнинг тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди. Йил якунига қадар бандлиги таъминланган талабалар сонини 85,5 минг нафарга, ушбу кўрчаткични 2023 йил майгача 100 минг нафарга етказиш режалаштирилмоқда.

Ушбу маълумотлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссиянинг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди.

Унда халқ вакиллари Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг “Ишлашга эҳтиёжи бўлган талабалар бандлигини таъминлаш, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси ҳақидаги ахборотини эшитди.

Эшитувда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари таъкидлаганидек, тизимни рақамлаштириш мақсадида kontrakt.edu.uz, prof-kontrakt.edu.uz, magistr.edu.uz, stipendiya.edu.uz, diplom.edu.uz, adabiyot.edu.uz, kasb.edu.uz, unilibrary.uz каби электрон платформалари ишга туширилди. Имтиҳон жараёнида коррупциявий ёки жонли эфирга узатиш тартибига риоя этилмаслик ҳолатларига дуч келинганда вазирликнинг расмий телеграмдаги боти(EduAntiCorruption)га ёки 1006 ишонч рақами орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди.

Шунингдек, тадбирда талабалар турар жойларини барпо этиш борасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, жами 32 минг 106 ўринли 63 та лойиҳа, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 22 минг 16 ўринли 42 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисобидан 2 минг 800 ўринли 7 та, олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан 4 минг 640 ўринли 9 та ҳамда инвестиция дастури доирасида 2 минг 650 ўринли 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг 21 минг 977 ўринли 45 тасида қурилиш ишлари бошланди. Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида талабалар турар жойларини барпо этиш учун 2022 йилда Давлат бюджетидан жами 178,6 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратиб берилган.

Эшитувда кун тартибидаги масалалар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Депутатлар рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, талабалар бандлигини таъминлаш ҳамда соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича қатор таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

М.Комилова,  

ЎзА