Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Ички ишлар органларининг сафдор ва сержант лавозимларига тўғридан-тўғри танлов асосида қабул қилинган 118 нафар ходимнинг бошланғич касбий тайёргарлик ҳамда 84 нафар ходимнинг «майор» махсус унвонини олиш учун ўқув курслари якунланди. Шу муносабат билан тингловчиларнинг битирув тадбири бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, ходимларнинг ўқув курси вазирлик соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида ташкил этилди. Назарий ва амалий машғулотлар Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ва соҳавий хизматларнинг тажрибали амалиёт ходимлари томонидан нафақат анъанавий усулларда, балки замонавий ахборот коммуникация технологияларини ҳамда интерфаол усулларни қўллаган ҳолда давра суҳбати, баҳс-мунозара, семинар-тренинг, амалий машғулот шаклларида олиб борилди.

Ўқиш давомида тингловчиларнинг касбий, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, жанговар, жисмоний, руҳий, тиббий тайёргарлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда Институт бошлиғи, полковник Олимжон Аҳмедов, кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалардаги янгиланиш ва ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда ички ишлар органлари тизимларида ҳам бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Бундан кўзланган мақсад соҳани жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳар қандай таҳдид ва хатарларга қарши кураша оладиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қодир етук малакали кадрларни тарбиялашдир.

Тадбир давомида ўқув дастурлар талабларини тўлиқ ўзлаштирган якуний синов-имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчиларга диплом ва сертификатлар берилди.

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА