Бугун Саудия Арабистони Подшоҳлиги делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Инвестициялар вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон – Саудия Арабистони бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ, икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари ҳамда юздан зиёд етакчи компаниялар раҳбарлари иштирок этишди.

Форумнинг очилиш маросимида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил август ойидаги Саудия Арабистонига ташрифи сўнгги йилларда ижобий ривожланиш динамикасини намоён этаётган Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатни янада кенгайтиришга туртки берганини таъкидладилар.

Жумладан, жорий йил январь-ноябрь ойларида икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тўққиз баробарга ошган.

Инвестициявий ҳамкорликда ҳам ижобий ўсиш динамикаси кузатилмоқда – сўнгги бир неча йил ичида республикамизда Саудия Арабистони капитали иштирокидаги компаниялар сони беш баробарга ошди.

Саудия компаниялари билан биргаликда энергетика, нефть-кимё, соғлиқни сақлаш, инфратузилмани ривожлантириш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 17 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда иқтисодиётдаги давлат улушини қисқартириш ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш, банкларни трансформациялаш, самарали фонд бозорини шакллантириш, устувор тармоқларда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришга қатъий содиқлик билдирилди.

Ташқи савдо ҳажми ва географиясини кенгайтириш учун очилаётган имкониятлар, жумладан, минтақавий бозорлар ва «GSP+» имтиёзлари асосида Европа Иттифоқи бозорларига эркин кириш имкониятидан самарали фойдаланиш, йирик минтақавий транспорт лойиҳаларини илгари суриш орқали савдо йўлларини диверсификация қилиш ва мамлакатнинг ЖСТга кириш бўйича саъй-ҳаракатлари хусусида сўз юритилди.

– Ўзбекистон ва Саудия Арабистони бой табиий ресурсларга, улкан саноат салоҳиятига эга. Биз Ўзбекистонда ҳам, Саудия Арабистонида ҳам юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма корхоналарни ташкил этишни режалаштиряпмиз, улар келгусида аҳолисининг умумий сони 1,4 миллиарддан кўпроқ потенциал истеъмолчиси бўлган минтақавий ва Европа бозорларига, шунингдек, Араб эркин савдо ҳудуди мамлакатларига экспорт қилинади, – деди Жамшид Хўжаев ўз нутқида.

Ўз навбатида Саудия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг суръати ва самарадорлигини, икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш имкониятларини юқори баҳолади.

Саудия Арабистони инвестициялар вазири икки давлат ўртасидаги сармоявий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди ва Саудия Арабистони тадбиркорларини ўзаро манфаатли шартнома ва битимлар тузишга чақирди.

Шунингдек, машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик, инфратузилма қурилиши ва туризм каби соҳалардаги инвестицион ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб берилди.

Форум доирасида ташкил этилган “B2B” ва “G2B” музокараларида ишбилармон доираларнинг алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорликда ишлашга қизиқаётганлиги маълум бўлди.

Тадбир якунида икки томонлама устувор тармоқларни ўз ичига олган ҳужжатларни имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

 

Б.Худойбердиев,  

Д.Эрназаров (сурат),  

ЎзА