Президентимиз бу йилги Мурожаатномасида Янги Ўзбекистонни «ижтимоий давлат» тамойили асосида қуриш мақсад қилинганлиги ва бу мақсад Бош қомусимиз бўлган Конституциямизда мустаҳкам муҳрлаб қўйилаётганлигини таъкидлади.

Ушбу мақсадни амалга ошириш учун бугун бизда барча имконият ва салоҳият мавжуд. Хусусан, ўтган олти йилликда ижтимоий давлат қуриш орқали энг аввало, мамлакатимиздаги инсонларга салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, муносиб ҳаёт кечиришлари учун зарур шароитлар яратилмоқда. Буни биргина камбағалликни қисқартириш борасида олиб борилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Биринчи навбатда, Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилаётганлиги кишини қувонтиради. Бугун таълимнинг қайсидир бўғини оиласига дахлдор бўлмаган бирор бир хонадон йўқ. Сабаби, ҳар бир оилада кимнингдир фарзанди, невараси, ака-укаси таълимнинг қайсидир босқичида таҳсил олиб келади ёки ўша оилани бирор аъзоси таълим тизимида меҳнат қилади.

Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири этиб белгиланди. Буни 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили деб ном берилганлигида ҳам кўриш мумкин.

Шунингдек, келгуси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Натижада, ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлаш, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмалари шакллантирилади. Бу борада Президент мактабларида 130 та мамлакатда маъқулланган “A-level” таълим дастури йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда.

Яъни ҳар бир ўқувчи ўзининг қобилиятига қараб, аниқ йўналишлар бўйича чуқур ўқитилади, дунёнинг нуфузли олийгоҳларига кириш имкониятлари кенгаяди. Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиниши янада жадаллаштирилади.

Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил қилинади. Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади.

Келгуси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 та мактаб кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда уларнинг сонини мингтага етказамиз. Бу эса, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиямизда белгиланган халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш имконини беради.

Маълумки, 2022 йил бошидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилган эди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади. Бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилади. Жараёнларни шаффоф тизим асосида ташкил этиш, фарзандларимизни соғлом ва сифатли овқат билан таъминлашга Халқ таълими вазири масъул ва жавобгар бўлади.

Таълим соҳасидаги навбатдаги муҳим йўналиш, бу – ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш. Чунки, бугун замонавий технологиялар асри биздан ҳар бир жабҳада етук мутахассисларни етиштириб беришни талаб этмоқда.

Шу боис, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлардан самарали фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди. 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилиб, ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олинади.

Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади.

Умуман олганда, келгуси йилда таълим тизимига қаратилаётган бундай эътибор ва инвестиция белгилаб олган мақсадларимизни беками-кўст кутилганиданда юқори натижалар билан қўлга киритишимизга хизмат қилади.

Зеро, маърифатпарвар жадид боболаримиз таъкидлаганларидек, «Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда». Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади.

 

Музафара Абдиева,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати