Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг IX Пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг 2022 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ижроси, Президентимиз Мурожаатномасидаги вазифалардан келиб чиқиб, партиянинг 2023 йилдаги устувор йўналишларини белгилаб олиш ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Пленумда партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов маъруза қилди:

–2022 йилда партия дастурий вазифаларини амалга ошириш мақсадида аҳолининг кенг қатлами билан юзма-юз мулоқот ташкил қилинди. Учрашувларда аҳолини қийнаб келаётган, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди. Бунда айниқса, “фракция – марказ – вилоят – туман” концепцияси ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Ҳисобот даврида партия аъзолари сони 41 минг 102 нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 558 минг 308 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 372 тага ўсиб, 6 минг 750 тани ташкил қилган.

Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган беғараз инсонпарварлик акцияси доимий равишда ташкил этиб келинмоқда. “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акциясида жами 3 минг 345 нафар кўнгиллилар қатнашиб, 1170,75 литр донорлик қони йиғилганлиги алоҳида таҳсинга сазовор, – деди партия раҳбари.

Шунингдек, маърузада партия томонидан хотин-қизлар билан мақсадли ва манзилли тартибда ишлаш амалиёти, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг соғлиғини сақлашга қаратилган муайян ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. “Бир ойда – бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида жами 1 минг 776 нафар хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланди. Шунингдек, “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида хотин-қизларни турли хил тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоялаш мақсадида “Аёлларни зўравонликлардан ҳимоялаймиз” мавзуларида жами 840 марта учрашувлар ташкил этилиб, 65 минг 300 нафар хотин-қизлар билан суҳбатлар олиб борилган. Суҳбатлар давомида хотин-қизларга “Ҳимоя ордери”ни бериш тартиблари тушунтирилди ва 183 нафар аёлларга ордер олиб берилди.

Пленумда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек,  маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан 3000 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилиб, 2 минг 135 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилган. Доимий комиссияларга 1067 та, сессияларга эса 537 та масала киритилган. Натижада сессия ва доимий комиссияга киритилган масалалардан келиб чиқиб, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан масъул мансабдор шахсларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда Кенгашнинг тегишли комиссияси томонидан қарорлар ижроси назоратга олиниши белгиланган.

Пленумда 2022 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг 9 ойлик ижросидаги бир қанча ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, 2023 йилда амалга ошириши режалаштирилган устувор йўналишлар ва аҳамият қаратилиши керак бўлган қатор масалалар қайд этилди.

Хусусан, Президентимиз Мурожаатномасида илгари сурилган қатор таклиф ва ташаббуслар мазмун-моҳиятини тушунтириш ва ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаоллик кўрсатиши лозимлиги таъкидланди. Айниқса, Мурожаатномада қайд этилган суд-ҳуқуқ, коррупцияга қарши курашиш, таълим, илм-фан, тиббиёт ва энергетика соҳаларига оид таклиф ҳамда вазифалар партия дастурий мақсадларига ҳамоҳанг эканлиги, шу боис партия депутатлик корпуси ҳамда ташкилотлари турли лойиҳаларни йўлга қўйиши лозимлиги таъкидланди.

Пленумда партиянинг вилоят кенгашлари раислари ҳамда депутатлари ҳам сўзга чиқиб, амалга оширган фаолияти ҳамда келгусидаги режалари  юзасидан маълумот берди.

Муҳтарама Комилова,  

Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА